Эрон элчиси Туркияга учирилган ракета ҳақида баёнот берди

Олам

image

Эроннинг Анқарадаги элчиси Муҳаммад Ҳасан Ҳабибуллоҳзода Эрондан Туркия томонга учирилган ракеталар ҳақида изоҳ бериб, Туркиянинг миллий суверенитетига ҳурмат билан қаралишини билдирди. Бу ҳақда DHA хабар қилди.

Ҳабибуллоҳзода дўст ва қардош давлат бўлган Туркиянинг саъй-ҳаракатларига ишонишини айтиб, айниқса, Президент Эрдўған ва Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фиданнинг бу борадаги ҳаракатларига миннатдорлик билдирган.

“Биз Туркиянинг миллий суверенитетини ҳурмат қиламиз. Шу масала бўйича Эрон Қуролли кучлари, Бош штаб ва Ташқи ишлар вазирлиги баёнот бериб, Туркия томони ҳеч қандай ракета ёки ўқ-дори учирилмаганини билдирган. Биз бу масалани аниқлаштириш учун техник гуруҳ тузишни таклиф қилдик. Бу гуруҳ воқеани батафсил ўрганиши керак. Чунки биз учун ҳам бу савол туғдиради: қандай қилиб бундай ҳолат юз бериши мумкин? Бизнинг фикримизча, бу воқеа учинчи томонлар томонидан амалга оширилган бўлиши мумкин. Уларнинг мақсади икки давлат ўртасидаги дўстона ва қардошлик муносабатларига зарар етказиш бўлиши мумкин. Биз бу таклифни берганмиз, аммо уни амалда жорий қилиш ҳали ҳам кутилмоқда”, деган у.

Элчи АҚШ ва Исроилнинг Эронга қилган ҳужумлари ҳақида баҳс юритиб, музокаралар жараёни айнан АҚШ томонидан тўхтатилганини ва шундан кейин уруш бошланганини айтган. Унинг таъкидлашича, Эрон ўзини ҳимоя қилиш, яъни қонуний мудофаа ҳуқуқига эга.

“Биз аслида бир-биримиз билан бирликда ва биродарларча яшаб келаётган минтақада эдик. Сўнгги пайтда юзага келган муаммолар асосан Исроил томонидан минтақада яратилган тузоқларнинг оқибатидир. Умид қиламизки, яқин орада минтақамиз яна барқарорликка эришади. Бизнинг асосий мақсадимиз ҳам тинчлик, сулҳ ва барқарорликдир.

Яқинда мамлакатимиз Президенти минтақа давлатлари раҳбарлари билан телефон орқали мулоқот қилди. Улар орасида, аввало, Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Покистон Бош вазири, Уммон султони ва Ироқ Президенти бор эди. Шу орқали қўшни давлатлар билан мувофиқлаштириш амалга оширилди. Яқин орада минтақада яна тинчлик ва барқарорлик бўлишига умид қиламиз”, дейди Ҳабибуллоҳзода.

Элчи уруш тенг шароитларда кечмаётганини, у музокаралар давом этаётган бир пайтда қарши тарафнинг ҳужуми билан бошланганини айтиб, дипломатияга хиёнат қилинганини маълум қилган.

“Биз ҳеч кимга ҳужум қилганимиз йўқ. Аксинча, улар бизга ҳужум қилди. Музокаралар давом этаётган пайтда, ҳатто техник босқичга етиб келганида ҳам, бизга қарши ҳужум бошланди. Бу дипломатияга хиёнат бўлди. Бу музокаралар аслида минтақа давлатлари, жумладан, Туркия тавсияси билан бошланган эди. Ҳатто, сўнгги музокараларнинг бошланиши ҳам Истанбулда бўлган. Аммо АҚШ бу музокаралардан чиқиб кетди ва дипломатик жараённи бузди”, деган элчи ўз баёнотида.

Бундан ташқари, у Эрон ўзини қонуний мудофаада ҳимоя қилаётганини айтган.

“Ҳозир биз қонуний мудофаа ҳолатидамиз. Мамлакатимизни ҳимоя қилмоқдамиз. Ҳозир сиз билан гаплашиб турган пайтимда ҳам мамлакатимизга ҳужумлар давом этмоқда. Турли миқёсдаги зарбалар берилмоқда. Шифохоналар, инфратузилма объектлари, муниципал хизматлар, банклар зарар кўрмоқда. Кўплаб тинч аҳоли ҳалок бўлмоқда. Биз фақат ўзимизни ҳимоя қилмоқдамиз”, деган Ҳабибуллоҳзода.

Туркияда Эрон ракетаси

Жорий йилнинг 4 март куни Туркия осмонида Эрондан учирилган баллистик ракета йўқ қилинганди. Шундан сўнг Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён қўшниларидан узр сўради ва ҳужумларни тўхтатишга ваъда берди. Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан эса Туркия осон провокация бериладиган мамлакат эмаслигини айтиб, Эронни кескин огоҳлантирди.  

Шунга қарамай, 9 март куни Эрон томонидан отилган яна бир баллистик ракета Туркия ҳаво ҳудудида уриб туширилди. Шу куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Эронни хато қилишдан тийилишга ва қайсарлик қилмасликка чақирди.

Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи билан мазкур ҳодиса юзасидан телефон орқали мулоқот қилди. Унда Ароқчи Эроннинг ракетага алоқаси йўқлигини айтди. Ушбу ҳужумлардан сўнг Малатяга Туркияда ҳаво ҳудудини ҳимоя қилиш мақсадида Patriot ҳаво мудофаа тизими жойлаштирилиши айтилди

Мазкур ҳодисалардан сўнг Туркия Эрон инкор қилган ракеталарнинг учирилиш нуқтасини аниқлади. Унга кўра, жорий йилнинг 4 ва 9 март кунлари йўналтирилган ракеталар учиш масофаси тахминан 1200 километрга эга ва ҳар иккала ракетанинг учиши Теҳрон шарқидаги ҳудуддан амалга оширилган.
Бугун, 13 март куни Туркиянинг Адана шаҳридаги Инжирлик ҳарбий-ҳаво базаси томон йўналтирилган ва Эронга тегишли экани даъво қилинган учинчи ракета мудофаа тизимлари томонидан ҳавода йўқ қилинди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ракета Эрон элчиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг