Эрон бир нечта шаҳарларда ракета машқларини ўтказди – ОАВ
Олам
−
22 Декабрь 1785 2 дақиқа
Бугун, 22 декабрь куни Эрон бир нечта шаҳарларда ракета машқларини ўтказди. Бу сўнгги бир ой ичида иккинчи бор шундай машғулотлар ўтказилиши бўлди. Бу ҳақда “Iran international” хабар берди.
Маълумотларга кўра, жорий йил 27 декабрь куни Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху АҚШ Президенти Дональд Трампга Эроннинг баллистик ракета дастуридаги ҳар қандай кенгайиш тезкор чоралар кўришни талаб қилувчи жиддий таҳдид туғдириши мумкинлиги ҳақида маълумот бериши кутилмоқда.
Ғарб давлатлари Эроннинг баллистик ракета арсеналини Яқин Шарқ барқарорлигига анъанавий ҳарбий таҳдид, шунингдек, Теҳрон ядровий қурол ишлаб чиқарган тақдирда уни етказиб бериш воситаси сифатида баҳолайди. Эрон эса атом қуролини яратиш ниятини рад этиб келмоқда.
Эрон жамоат телерадиокомпанияси ҳамда ярим расмий “Nournews” телеканалининг Telegram саҳифаларида ракета учирилишига ўхшаш видеолар эълон қилинган. Бироқ тасвирларда учириш жойлари аниқ кўрсатилмаган.
Оммавий ахборот воситаларининг ёзишича, ракеталар пойтахт Теҳрон, Исфаҳон ва Машҳад шаҳарларидан учирилган бўлиши мумкин. Шу билан бирга, бугун, 22 декабрь куни давлат ОАВ хабардор манбаларга таяниб, ракеталар синовдан ўтказилганини инкор этган ва тарқатилган тасвирлар “баландликда учаётган самолётлар” эканини маълум қилган. Қарама-қарши хабарлар юзасидан расмий изоҳ берилмаган.
Бундан ташқари, NBC телеканали Исроил расмийлари Эрон АҚШ июнь ойида бомбардимон қилган ядровий бойитиш объектларини қайта тиклаётганидан хавотирда эканини хабар қилган. Манбаларга кўра, Исроил томони Трампга Эроннинг ракета дастурига қарши эҳтимолий зарбалар вариантлари бўйича ахборот тақдим этишга ҳозирлик кўрмоқда.
Маълумот ўрнида, шу ой бошида Эроннинг элит Инқилобий Гвардия денгиз флоти Форс кўрфазида ташқи таҳдидларга қарши курашиш доирасида симуляция қилинган нишонларга баллистик ва қанотли (круиз) ракеталарни учиришни ўз ичига олган икки кунлик ҳарбий машғулотлар ўтказган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон ядровий иншоотларини катта куч билан қайта тиклаши ҳақида хабар берилганди.
Live
Барчаси