Эрон АҚШга бемалол етиб борадиган ракета устида ишламоқда – Трамп
Олам
−
25 Февраль 3630 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Конгрессдаги мурожаатида Эрон АҚШ ҳудудига етиб бора оладиган узоқ масофали ракеталар устида ишлаётганини билдирди. Унинг таъкидлашича, Теҳрон аллақачон Европа ва хориждаги ҳарбий базаларга таҳдид сола оладиган ракеталарга эга ва янги босқичга ўтишга уринаётган бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Euronews” ёзди.
Эрон Ташқи ишлар вазирлиги бу иддаоларни “ақлга сиғмас ёлғон” деб атаган. Расмий Теҳрон ядровий дастур фақат тинч мақсадларга қаратилганини, мамлакат ядровий қурол яратишни кўзламаётганини яна бир бор таъкидлаган.АҚШ разведка баҳоларига кўра, Эронда ҳозирча қитъалараро баллистик ракета мавжуд эмас. Бироқ айрим ҳисоботларда агар Теҳрон шундай йўналишни танласа, 2035 йилгача муайян салоҳиятга эга бўлиши мумкинлиги қайд этилган.
Трамп нутқи Женевада ўтиши режалаштирилган навбатдаги ядровий музокаралар арафасида янграган. Вашингтон ноль даражада бойитилган уран талабини қўймоқда ва Эроннинг ракета дастури ҳамда минтақавий фаолиятини чеклашни истамоқда. Теҳрон эса босим остида музокарага тайёрлигини билдирган, аммо ҳарбий ҳаракат бўлса, жавоб қайтариши ҳақида огоҳлантирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон парламентининг Миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат қўмитаси раиси Иброҳим Азизий Теҳрон ҳар қандай ташқи босим ва таҳдидларга тайёр эканини маълум қилган эди.
Live
Барчаси