Эрон АҚШ зарбаларини “заиф” деб ҳисоблаган – ОАВ

Олам

image

АҚШ разведкаси Эроннинг икки юқори лавозимли расмийси ўртасида бўлган махфий телефон суҳбатини тутиб олган. Бу суҳбатда улар АҚШнинг Эрон ядровий объектларига уюштирган зарбалари Теҳронда кутилгандан кўра “кучсизроқ ва камроқ вайронкор” бўлганини айтган. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, “Washington Post” нашри хабар берди. 

Манбаларнинг сўзларига кўра, суҳбат давомида эронлик расмийлар нега бу зарбалар кутилгандек оғир кечмаганини тушунишга уринган. “Washington Post”га кўра, АҚШ Президенти Дональд Трампга ҳар куни бериладиган махсус брифинглар асосан шундай тутиб олинган қўнғироқлар, электрон хатлар ва бошқа хабарлар асосида тузилади.

Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт ушбу хабарни “контекстдан юлиб олинган сизиб чиқиш” деб атаган.

“Эронлик номаълум расмийларнинг юзлаб фут чуқурликдаги вайроналар остида нима содир бўлганини билади, деб ўйлаш мутлақо бемаъни. Уларнинг ядровий дастурига нуқта қўйилди”, дейди Ливитт.

Америка разведкасининг юқори мартабали вакили нашрга берган изоҳида ҳам “икки номаълум эронлик ўртасидаги битта қўнғироқ тўлиқ разведка манзарасини акс эттирмайди”, деб қайд этган. Трамп маъмуриятининг бошқа бир вакили эса “АҚШ қуроллари аниқ керакли жойларга етказилди ва зарурий эффектга эришилди”, деб баёнот берган.

Бунга қадар CNN ва “The New York Times” АҚШ ҳарбий разведкасининг махфий ҳисоботи асосида АҚШнинг зарбалари Эроннинг ядровий дастурининг асосий қисмларини буткул йўқ қилмагани, фақат уни бир неча ой орқага сургани ҳақида хабар берган эди.

Шундан сўнг АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) директори Жон Ратклифф Эрон ядровий дастурига “жиддий зарар етказилганини” билдирган эди. У бу хулосани “тарихан ишончли манба”дан олинган “ишончли разведка маълумотлари”га асослаб айтган. Ратклиффнинг таъкидлашича, Эрон ядровий инфратузилмасини тиклаш учун “йиллар керак бўлади”.

Шу билан бирга, Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) раҳбари Рафаэль Гросси шуни тан олдики, Эрон омон қолган ерости объектлари ва мавжуд уран захиралари ёрдамида ядровий дастурини бир неча ой ичида тиклаши мумкин. Унга кўра, агентлик ҳозирда 60 фоиз даражасида бойитилган 400 килограммдан ортиқ ураннинг айнан қаерда сақланаётганини билмайди. Гросси материал зарбалар арафасида яширин жойга кўчирилган бўлиши мумкинлигини инкор этмаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг