Эрон АҚШ кемаларига ҳужум қилишга тайёр
Олам
−
23 Апрель 2020
8489Эрон Ислом Республикаси Қуролли кучлари мамлакат хавфсизлигига таҳдид солса АҚШнинг кемаларига ҳужум қилади. Бу ҳақда Ислом инқилоб посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳусайн Саламий маълум қилди.
“Биз денгиз флотига буйруқ бердик. Агар АҚШнинг бирон ҳарбий кемаси бизнинг хавфсизлигимизга таҳдид солса, унга ҳужум қилинади”, дейди Ҳусайн Саламий.
Саламийнинг сўзлари АҚШ президенти Дональд Трампнинг баёнотига реакция бўлди. Америка етакчиси кеча, 22 апрель куни мамлакат денгиз флотига Америка кемаларига халақит берадиган ҳар қандай Эрон кемаларини йўқ қилишни буюрганини айтганди.
ИИПК қўмондонининг айтишича, Эрон миллий хавфсизлиги ва сув чегараларини ҳимоя қилишга қатъий қарор қилди. Саламий ҳар қандай ҳаракатга жавоб берилишини айтиб ўтди.
“Ҳар қандай ҳаракатга тез ва аниқ жавоб берилади. Америкаликлар бизнинг жавоб ҳаракатларимизни авваллари бошдан кечиришган“, дейди Саламий.
Маълумот учун, АҚШ ҳарбий-денгиз флотининг матбуот хизмати баёнотга кўра, жорий йилнинг 15 апрель куни Ислом инқилоби посбонлари корпусининг ҳарбий кемалари Форс кўрфазидаги АҚШнинг бир нечта ҳарбий кемалари яқинида тактик машғулотлар ўтказган. Таъкидланишича, Эрон кемалари 9 метргача бўлган масофада Америка кемаларига яқинлашган.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси 19 апрель куни АҚШнинг Форс кўрфазидаги ҳар қандай ножўя ҳаракатларига жавоб беришга тайёрлигини билдирди. Ҳозирда ушбу кўрфазда икки давлат ҳарбий кемаларининг фаоллиги кузатилмоқда.
LiveБарчаси