Эрон АҚШ билан биродар. Улар бизга ўз ёмонликларини тўхтатиши керак - Пезешкиён
Олам
−
18 Сентябрь
5357Агар Вашингтон Теҳронга душман эмаслигини кўрсатса, Эрон АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориши мумкин. Бу ҳақда мамлакат Президенти Масъуд Пезешкиён 16 сентябрь куни Теҳрондаги матбуот анжуманида маълум қилди.
Журналистларнинг Трамп маъмурияти 2018 йилда ундан чиққан JCPOA деб номланувчи 2015 йилги ядровий келишувни қайта тиклаш учун АҚШ билан тўғридан-тўғри музокаралар ўтказишни кўриб чиқасизми, деган саволига Пезешкиён шундай жавоб берди:
“Биз АҚШга душман эмасмиз. Улар яхши ниятларини амалда кўрсатиб, бизга бўлган адоватларини тўхтатсинлар. Биз америкаликлар билан ҳам биродармиз”.
Президент, шунингдек, Эроннинг ядровий қуролга интилмаётгани ҳақидаги позициясини такрорлади. Унинг сўзларига кўра, Эрон уранни фақат 60% софликда бойитади, бу ҳали ҳам қурол даражасидаги 90 фоиздан паст.
"Менимча, биз кўп марта айтдик, биз буни умуман қилишни хоҳламаймиз. Биз техник ва илмий эҳтиёжларимизни ҳал қилмоқчимиз, биз ядро қуролини қидирмаяпмиз. Биз (ядровий келишувда) ёзилган асосга амал қилдик. Биз ҳали ҳам ушбу рамкаларни сақлашга интиламиз. Уларни йиртиб ташлашди, бизни нимадир қилишга мажбур қилишди”, дейди Пезешкиён.
Айрим нашрларнинг ёзишича, Вашингтон ва Теҳрон ўртасидаги билвосита музокараларни бузиш учун мўлжалланган Эроннинг Натанз ядровий иншоотига Исроилнинг саботаж ҳужуми ортидан Эрон 2021 йилда уран бойитиш даражасини 60 фоизга оширди.
Июль ойида лавозимга киришган Пезешкиён сайловолди кампаниясида АҚШ ва бошқа Ғарб давлатлари билан санкцияларни юмшатиш бўйича музокаралар олиб боришга ваъда берган эди. У олдиндан 2015 йилда Эрон ва бир гуруҳ давлатлар, жумладан, Буюк Британия, АҚШ, Россия, Франция, Хитой ва Германия томонидан имзоланган Эроннинг ядровий дастури бўйича Қўшма кенг қамровли ҳаракатлар режасини (JCPOA) қайта тиклаш тарафдори бўлган. Бу келишув 2004 йилда Ғарб давлатлари Эронни ядровий қурол ишлаб чиқаётганликда айблаган ва бунинг натижасида исломий республикага қарши санкциялар жорий қилинган ва мамлакат халқаро миқёсда яккаланиб қолган инқирозга якун ясаган эди. АҚШнинг аввалги президенти Дональд Трамп 2018 йилда мамлакатини шартномадан чиқаришга қарор қилган эди.
"Асосий савол – бу дунё билан боғлиқ муаммоларимизни ҳал қилишни хоҳлаймизми ёки йўқми, менимча, биз мамлакат муаммоларини ҳал қилиш учун боши берк кўчадан чиқишимиз керак", деган Пезешкиён сайловолди чиқишларидан бирида.
Ядровий келишувнинг қайта тикланиши контекстида Пезешкиён Ғарб давлатлари билан мулоқот зарурлиги ҳақида гапириб, Ислом республикасининг халқаро яккаланишини енгиб ўтишга ваъда берган. Айрим таҳлилчиларнинг эътироф этишича, янги президентнинг ислоҳотчилар лагерига аъзолиги ва унинг бенуқсон обрўси Эрон ва Ғарб ўртасидаги муносабатларнинг ривожланишига ҳисса қўшиши мумкин. Бундан ташқари, 2015 йилги ядровий келишув бўйича ишларни назорат қилган собиқ ташқи ишлар вазири Муҳаммад Жавод Зариф Президент Пезешкиённинг асосий иттифоқчиларидан бири саналади.
Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ўтган ой “душман” билан алоқа қилишнинг “зарар йўқ”лигини айтиб, унга музокаралар олиб бориш учун яшил чироқ ёққандай бўлди.
Аммо, масаланинг яна бир тарафи ҳам борки, Пезешкиён гаплашишга тайёр бўлса-да, унинг АҚШда ҳеч бўлмаганда яқин орада тайёр шериги бўлиши даргумон. Байден маъмурияти ноябрдаги сайловлар олдидан ҳеч қандай ўзгаришларни амалга ошириши кутилмайди ва Эронга қарши санкцияларни оширишда давом этмоқда.
Аввалги Трамп маъмурияти Ислом Республикасига нисбатан қаттиққўл муносабатда бўлган ва собиқ президент Трамп ва унинг вице-президенти Жеймс Дэвид Вэнс сайловолди ташвиқоти чоғида Эронга нисбатан шафқатсиз изоҳлар беришган.
LiveБарчаси