Эрон 2010 йилдаги террорчилик ҳужумида АҚШни айблади
Олам
−
17 Декабрь
2308Эрон суди АҚШ ҳукуматини ва унинг расмийларини 2010 йилда Чабаҳар порт шаҳрида содир этилган террорчилик ҳужумида айбдор деб топди. Бу ҳақда “Big News” хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрон АҚШ томонини ҳалок бўлган ва жароҳатланганлар оилаларига 170 миллион доллари тўлашга мажбур қилган.
Эрон суд тизимига оид “Mizan” ахборот агентлиги хабар қилишича, ушбу қарор Теҳрон Адлия судининг 55-бўлими томонидан номаълум санада қабул қилинган. Шикоятни жабрланганларнинг оилалари ва омон қолганларни ўз ичига олган олти киши берган.
Мазкур ҳужум 2010 йил декабрь ойида Чабаҳар шаҳридаги масжид олдида диний мотам маросимига йиғилган одамларга қарши уюштирилган ҳужум бўлиб, 39 киши ҳалок бўлган ва яна 70 киши жароҳат олган эди.
“Nizam”нинг хабар беришича, Эрон суди АҚШ ҳукуматини ва унинг расмийларини ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган “Жундуллоҳ” номли террорчилик гуруҳини қўллаб-қувватлаганликда айбдор деб топган.
Суд қарорига кўра, АҚШ жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарлар учун 74 миллион доллар, шунингдек, жазо сифатида 96 миллион доллар тўлашга мажбур қилинган.
Маълумот учун, мазкур ҳужум бўйича Эрон суди томонидан АҚШ ҳукуматига қарши чиқарилган иккинчи ҳукм. 2023 йилда 93 нафар жароҳатланган ва ҳалок бўлганларнинг оилалари томонидан очилган даъво доирасида суд АҚШ ҳукуматини 2,66 миллиард доллар миқдорида компенсация тўлашга мажбур қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эронда теракт содир этилиши оқибатида 10 киши вафот этганди. Эрон Ички ишлар вазирлиги воқеа юзасидан тергов ўтказишни буюрган ва террористик ҳужумнинг тафсилотларини ўрганиб, натижани зудлик билан аҳолига етказиш бўйича топшириқ берган.
LiveБарчаси