Эрон ҳаво ҳудудини ёпди
Олам
−
15 Январь 4243 2 дақиқа
Эрон ўз ҳаво ҳудудини барча самолётлар учун ёпди. Бу ҳақда “Flightradar24” хабар берди.
Теҳрон томонидан чиқарилган хабарга кўра, чекловлар Тошкент вақти билан 15 январь куни 00:45 да кучга кирган ва 15 январь соат 8:00 гача давом этиши режалаштирилган, аммо маълумотларга кўра, тақиқ ҳамон ўз кучида қолмоқда. “Flightradar24”нинг қайд этишича, хабар эълон қилинган вақтда Эрон ҳаво ҳудудида атиги иккита самолёт бўлган, булар – Бангкок ва Истанбулдан Теҳронга учаётган рейслар.

14 январь куни “Reuters” агентлиги европалик расмийга таяниб, АҚШ яқин 24 соат ичида Эронга зарба бериши мумкинлиги ҳақида хабар тарқатган эди. АҚШ Президенти Дональд Трамп агар Эронда декабрь охиридан бери давом этаётган оммавий норозилик намойишлари куч билан бостирилишда давом этса, Вашингтон аралашувини истисно қилмаслигини айтган.
Эрон ҳукумати интернет ва мобил алоқа хизматларига чекловлар жорий қилгани сабабли тартибсизликлар қурбонлари сонини аниқ аниқлаш қийинлашган.
Human Rights Activist News Agency (HRANA) ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ҳисоб-китобларига кўра, 12 январга қадар намойишларни бостириш вақтида 646 киши ҳалок бўлган. Бундан ташқари, 10 мингдан ортиқ намойишчи ҳибсга олинган. Бошқа ОАВлар ҳалок бўлганларнинг сонини 12 мингга етганини ёзмоқда.
Трамп Эронга нисбатан ҳарбий зарбалар берилиши эҳтимолини ҳам инкор этмаган. Шу билан бирга, Теҳрон АҚШ томонидан ҳужум уюштирилган тақдирда минтақадаги Америка объектларига зарба берилиши билан таҳдид қилган. Вашингтон 14 январь куни Яқин Шарқдаги базаларидан ходимларнинг бир қисмини эвакуация қилишга қарор қилган. Трамп эса агар америкалик ҳарбий базаларга ҳужум қилинса, Эронга нисбатан “илгари ҳеч ким кўрмаган зарбалар” берилишини айтиб, таҳдид қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов вазирлик Эрондаги вазиятни диққат билан кузатаётганини ва намойишларда ҳалок бўлганлар орасида ўзбекистонликлар йўқлигини маълум қилганди.
Live
Барчаси