Эргашев ва Матиас ижтимоий тармоқларда даҳанаки жанг бошлади
Спорт
−
13 Июль 2023
11886Профессионал бокснинг супер енгил вазн тоифасида IBF камари учун мажбурий даъвогар бўлган Шоҳжаҳон Эргашевнинг амалдаги чемпион пуэрто-риколик Сабриэль Матиасга қарши жанги ижтимоий тармоқларда бошланиб улгурди. Бу ҳақда ўзбекистонлик боксчи ўз Instagram саҳифасида маълум қилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 25 августида ёки ундан олдинроқ ўтказилиши режалаштирилаётган чемпионлик жанги треш токинглар билан ижтимоий тармоқларда аллақачон старт олган. Сабриэль Матиас Instagram саҳифасига Эргашевнинг проф боксдаги натижалари билан боғлиқ пост жойлаган ва унга ҳақоратловчи изоҳ қолдирган. Шоҳжаҳон Эргашев рақибига барчасини жангда узил-кесил ҳал қилиш таклифини берган.
“Рингдаги учрашувимизда шунчаки ухлаб қоласан. Орзуларинг устидан кулиш учун етарли вақтинг бўлади”, дейди Эргашев.
Бунга жавобан Сабриэль Матиас Эргашевни шунчаки тинчлантириб қўйиш мақсадидалигини айтди.
“Сенда буни синаб кўриш учун вақт бўлади, ўшанда тинчланиб оласан. Мен сени рингда кўрган вақтимда сен қочиб юрган бўласан”, дейди Матиас.
Эргашев мулоқот давомида рақибини муддатидан олдин мағлуб этмоқчилигини маълум қилди.
“Сенга чуқур уйқуга кетишингдан олдин яқин қариндошларинг ва дўстларинг билан яхшилаб хайрлашиб олишингни маслаҳат бераман”, дейди Эргашев.
Маълумот учун, Матиас профбоксда 20 та жанг ўтказиб, 19 та ғалаба ва 1 та мағлубият қайд этган. Даъвогар Шоҳжаҳон Эргашев эса фаолияти давомида 23 та жангда иштирок этиб, барчасида рақибларидан устун келган. У жангларининг 20 тасида нокаут, 3 тасида ҳакамлар қарори билан ғалабага эришган.