Эргаш Солиев Жиззах ҳокими лавозимига тасдиқланди
Жамият
−
05 Ноябрь
4451Жиззах вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эргаш Солиев халқ депутатлари вилоят Кенгашининг еттинчи чақириқ биринчи сессиясида яна ушбу лавозимга тасдиқланди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, маслаҳатлашувда Президент томонидан Жиззах вилояти ҳокими лавозимига Эргаш Алибекович Солиев номзоди кўрсатилгани билдирилган ва у Жиззах вилояти ҳокими лавозимига бир овоздан тасдиқланган.
Бундан ташқари, сессияда вилоят Ҳудудий сайлов комиссияси раиси Шавкат Шариповнинг жорий йил 27 октябрда бўлиб ўтган сайлов якунлари тўғрисидаги ахбороти тингланган. Унда депутат Парда Шукурович Шукуров халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгаши раиси этиб сайланган.
Шунингдек, сессияда халқ депутатлари Жиззах вилояти Кенгашига сайланган депутатларнинг партия гуруҳлари рўйхатдан ўтказилиб, вилоят Кенгашининг Регламенти ва доимий комиссиялар тўғрисидаги Низом тасдиқланган.
Маълумот учун, Эргаш Алибекович Солиев 1956 йил 17 июлда Жиззах вилояти Фориш туманида туғилган. Самарқанд давлат университетини тамомлаган. 2005 йил “Дўстлик” ордени билан тақдирланган. Халқ депутатлари Жиззах вилояти кенгаши депутати, Олий Мажлис Сенати аъзоси. Меҳнат фаолиятини Тошкент политехника университетида ассистентликдан бошлаган. Жиззах давлат политехника институти ректори лавозимида ҳам ишлаган ва ундан ташқари вилоятнинг Пахтакор, сўнгра Арнасой туманларида ҳоким вазифасини бажарган. 2017 йилдан буён Жиззах вилоятига раҳбарлик қилиб келмоқда.
Қонунчиликка кўра, вилоят ҳокими лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тақдим этилади ҳамда ушбу номзод бўйича партия гуруҳлари билан маслаҳатлашув ўтказилади. “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига (Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият бошлиғини лавозимига тайинлаш ва лавозимдан озод этиш) кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳар ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас. Ҳокимларнинг ваколатлари муддати – 5 йил. Конституциянинг 123-моддасига кўра, вилоят ҳокимларининг ваколатига Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари, Олий Мажлис палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор ҳамда фармойишларини, Вазирлар Маҳкамасининг, юқори турувчи ҳокимларнинг ва тегишли халқ депутатлари Кенгашларининг қарорларини бажариш; ҳудудларни иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик жиҳатдан ривожлантиришни таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш; маҳаллий бюджетни шакллантириш ва ижро этиш киради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Эркинжон Турдимов, Хоразм вилояти ҳокими сифатида фаолият юритиб келаётган Жўрабек Раҳимов ва Навоий вилояти ҳокими сифатида ишлаб келаётган Нормат Турсунов Халқ депутатлари вилоят Кенгашларининг сессияларида ўз лавозимларига тасдиқланган эди.
LiveБарчаси