Эрдўғаннинг рақиби Туркия Россияга қарам бўлишидан хавотирланяпти
Олам
−
25 Май 2023
5344Туркияда газ хаби лойиҳасининг амалга оширилиши мамлакатнинг Россияга энергетик қарамлигини ҳозирги 30-40 фоиздан 70-80 фоизга оширади. Бу ҳақда президентликка мухолифатдан ягона номзод Камол Қиличдорўғли “BaBaLa TV” YouTube канали саволларига жавоб берар экан, айтиб ўтди.
Туркия иқтисодиётининг шиша, алюмин, нефть-кимё саноати ва бошқа тармоқларининг технологик инфратузилмаси Россиянинг кўмагида яратилганини эслатган Киличдорўғли, “Москва билан яхши муносабатларга эътирозим йўқ” деди.
Бироз ўтиб у Россия билан газ хабини яратиш бўйича келишувга тўхталган.
“Агар ҳозир Туркия энергия ресурсларида унга (Россия – таҳр.) 30-40 фоиз қарам бўлса, у ҳолда марказ яратиш лойиҳаси амалга оширилиши билан бу қарамлик 70-80 фоизгача ошади, кейин эса бутунлай қарам бўлади”, дейди у.
Қиличдорўғли газ марказини яратишга муқобил равишда Европага Шарқий Ўртаер денгизидан газ етказиб беришни таклиф қилди.
“Бу газ нархини пасайтиради ва биз [ҳокимиятга келсак] буни қиламиз”, дейди у.
Маълумот учун, 2022 йил октябрь ойида Россия Президенти Владимир Путин Туркия ҳудудида “Шимолий оқим” орқали йўқолган транзит ҳажми қайта йўналтирилиши мумкин бўлган марказ яратиш ғоясини илгари сурди. Унинг тушунтиришича, гап, агар улар бундан манфаатдор бўлса, бошқа қувурлар тизимини қуриш ва Туркияда учинчи давлатларга, биринчи навбатда, Европага газ етказиб бериладиган марказ яратиш имконияти ҳақида кетмоқда. Туркия бу ташаббусга ижобий муносабатда бўлди ва ўз ҳудудида хаб ва газ савдо маркази яратиш учун инфратузилманинг муҳим қисми тайёр эканини билдирди. Анқара, шунингдек, марказ фаолиятининг ҳуқуқий асосларини таъминлаш учун қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш жараёнини бошлади.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Камол Қиличдорўғли Россияни Туркиядаги президентлик сайлови арафасида ижтимоий тармоқларда сохта материаллар тарқатганликда, шунингдек, сайлов жараёнларига аралашувда айблаганди. Россия Президенти Матбуот котиби Дмитрий Песков эса унинг айбловини қатъиян рад этиб, бундай маълумотлар ёлғончилар томонидан тарқатилаётганини таъкидлади.