Эрдўғаннинг оиласига таҳдид: Туркияда ижтимоий тармоқлар ёпилади
Олам
−
06 Июль 2020
16493Туркияда Хитой каби ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни тақиқлаш бўйича биринчи қадамларни босмоқда. Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигида мамлакатда ижтимоий тармоқларга қарши кампания бошланганига эса анча бўлди.
Эрдўған оиласига бўлган ҳақоратдан ғазабда
Куни кеча Эрдўғаннинг куёви – Ғазначалик ва молия вазири Берат Олбайроқнинг тўртинчи фарзанди дунёга келган. У эса ўз севинчини ижтимоий тармоқларда бўлишган. Оилага минглаб кузатувчилар яхши тилаклар, чақалоққа эса узоқ умр тилаган. Улар орасида, албатта, танқидий руҳдаги ёки ҳақоратомуз изоҳлар ҳам йўқ эмас. Шундан сўнг, давлат раҳбари мамлакатда YouTube, Twitter ва NetFlix каби ижтимоий тармоқларни тақиқлаш юзасидан чиқиш қилди. Бу ҳақда Ражаб Тойиб Эрдўған “Адолат ва тараққиёт” партиясининг навбатдаги йиғилишидаги нутқида гапириб ўтган.
“Баъзи масалалар борки, улар ҳақида гапириш ҳам инсоннинг қалбига озор беради. Оиламиз билан бир ҳафтадирки шундай бир масала билан юзма-юз келяпмиз. Куни кеча саккизинчи набирам Ҳамза Солиҳ дунёга келди. Бератбей қувончини ижтимоий тармоқдагилар билан бўлишди. Ўн минглаб одамлар ўз табриклари ва тилакларини ифода этишди. Оз бўлса-да, бир неча қалби қорайган, ҳурматга ва иззат-икромга эга бўлмаган баъзи одамлар чиройли воқеликни ҳақорат билан булғашга ҳаракат қилди. Ҳуқуқ-тартибот органлари шу ондаёқ ҳаракатни бошлаб, уларнинг кимлигини аниқлади ва суриштирув ишларини бошлади.
Эндигина дунёга келган чақалоқ ортидан унинг оила аъзоларининг обрў-эътиборига соя солмоқчи бўлган бу кимсаларнинг ортидан тушамиз. Улар қилган ишлари учун қонун олдида жавоб берадилар. Шунга ўхшаш воқеалар фарқли ҳолатларда бундан аввал ҳам рўй берган эди.
Сўнгги йилларда бу турдаги аҳлоқсизликларнинг кўпайишида ижтимоий тармоқлар устидан назоратнинг йўқлиги ҳам сабаб бўлмоқда. Биз нега YouTube, Twitter ва NetFlix каби ижтимоий тармоқларга қарши бўлаётганимизни энди тушундингизми? Бу каби ахлоқсизликларни йўқ қилиш учун. Булар ахлоқдан эмас”, дейди Эрдўған.
Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг ушбу чиқишидан кейин Туркия жамоатчилиги, ҳуқуқ фаолларининг овози янада баландроқ янграй бошлади. Эрдўғаннинг ушбу ҳаракатлари 2023 йилда бўлиши кутилаётган президентлик сайлови билан боғланмоқда.
Ижтимоий тармоқни чеклаш бўйича қонун ишлаб чиқилади
Эрдўған партия вакилларига юзланиб, ижтимоий тармоқларнинг Туркияда офислари бўлиши кераклиги, улар устида маъмурий ва молиявий назорат лозимлигини айтаркан, ижтимоий тармоқ компаниялари бунга қаршилигини маълум қилди.
“Биз диққат қилишимиз керак бўлган нарса, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий медиа каналлари қандай қилиб жирканч воситага айланишидир. Буни тартибга солиш жуда муҳим. Бундай ижтимоий тармоқлар бу юрт, бу миллатга мос эмас”, дейди Президент.
Эрдўған мазкур масалада қонун ишлаб чиқиб, уни парламентга киритиш, ижтимоий тармоқлар устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилди. Давлат раҳбарининг фикрича, ижтимоий тармоқ компаниялари бошқа мамлакатларда юридик ва молиявий жавобгарликка эга, аммо Туркияда бу жавобгарликдан қочмоқда.
“Халқимиз олдидаги жавобгарлик бу йўналишнинг ҳам механизмларини яратиш ва уни ижро этишни талаб этмоқда. Биз ижтимоий тармоқлар қаршисида қўл-оёғи боғлиқ ҳолда туришни қабул қила олмаймиз. Бу масалани кенг қамровли тартибга солиш устида ишлаяпмиз”, дейди Эрдўған.
Ижтимоий тармоқларга қарши капмания
Аслида Туркияда ижтимоий тармоқларга нисбатан антипиар бошланганига анча бўлди. Мамлакат оммавий ахборот воситалари, айниқса, телеканаллар кунлик чиқишларда ижтимоий тармоқлардаги масалаларни муҳокама қилар, ундаги кўплаб воқеликларни ёлғонга, бўҳтонга чиқаришга уринар, ҳатто, қўл телефонларидаги айрим дастурларни шахсга дахл қилувчи деб баҳолашдан тап тортмаётган эди. Бунда эса доимий эътибор ФЕТО террорчилик ташкилотининг 2016 йил 15 июлда Туркияда амалга оширган давлат тўнтаришига ҳаракат олдидан режаларни ижтимоий тармоқлардаги мессенжерларда тузганига қаратилди.
Сўз – Алтунга
Айни вақтда мамлакатда жамоатчилик, айниқса, ёшларнинг кўп қисми ижтимоий тармоқларнинг тақиқланишига қарши чиқмоқда. Президент девони ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти раҳбари Фаҳриддин Алтун ушбу чиқишларга нисбатан қуйидагича муносабат билдирди:
“Бугунги кунда баъзи ижтимоий медиа платформалари фуқароларимизнинг ҳуқуқларини суиистеъмол қилмоқда. Ушбу ижтимоий медиа платформалар фуқароларимизни жинсий зўрлаш, одобсизлик, қимор ўйинлари, фирибгарлик, жиноятчиликка ундаш, террорчилик ташвиқоти, ҳақоратга ундамоқда. Бизнинг огоҳлантиришимизга қарамай, мазкур платформалар шу турдаги жиноятчиликларга асос бўлиб хизмат қилмоқда. Улар мамлакатимизда назоратсиз фойда олади ва солиқ мажбуриятисиз ишлайди.
Жаноб Президент халқимизнинг бирлиги, бутунлиги ва манфаати учун дунёнинг барча нуқталарида бўлгани каби тегишли ҳуқуқий тартибга солиш органлари томонидан ишлаб чиқилган қонуний мажбуриятлар бажарилиши кераклигини яна бир бор эслатди”, дейди Алтун.
WhatsApp ва Telegram ёпилади
Маҳаллий матбуотнинг ёзишича, Ахборот технологиялари ва коммуникациялар бошқармаси зарурат туғилганда WhatsApp ва Telegram оммабоп мессенжерларни ҳам ўчириб қўйиши мумкин.
Бошқарма жамоат манфаатларини ҳисобга олган ҳолда тармоқ орқали хизматларни тақдим этиш бўйича зарур чораларни кўриш, авторизация қилмасдан тармоқ орқали хизмат кўрсатишнинг олдини олиш чораларини кўриш, шунингдек, керак бўлганда Ваколатнинг норматив ҳужжатларида назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш учун операторларга мажбурият юклаш ҳуқуқига эга.
Тайёрланган қонун лойиҳасининг диққатга сазовор жиҳатларидан бири шундаки, оммабоп ижтимоий тармоқла Туркияда ўз ваколатхоналарини очиш мажбуриятини олади. Facebook, Instagram, Youtube ва Twitter’нинг Туркияда офиси йўқ. Янги тартибга кўра, энди мамлакатда ушбу компаниялар ваколатхонаси бўлиши керак. Агар ушбу компаниялар қонун қабул қилинганидан кейин 30 кун ичида ваколатхонасини очмаса, ижтимоий тармоқ провайдерининг интернет-трафик ўтказиш қобилияти 50 фоизга камаяди ва яна 30 кун муҳлат берилади. Шунда ҳам ўзгариш бўлмаса, ушбу саҳифаларга кириш буткул ёпиб қўйилади.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқ компаниялар офислари АҚШда жойлашган ва улар рўйхатдан ўтган фойдаланувчиларга оид маълумотлар – исм-фамилияси, почта манзили, телефон рақамини АҚШдаги хизматларга тақдим этиб боради, аммо бошқа мамлакатлар бу ҳуқуқдан мосуво.