Эрдўған Қозоғистондан қуруқ қўл билан қайтмаяпти
Олам
−
15:57 3830 2 дақиқа
Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Қозоғистоннинг янги таъсис этилган Хўжа Аҳмад Яссавий орденини олган биринчи шахс бўлди. Тақдирлаш маросими Туркия раҳбарининг Қозоғистонга 13-14 май кунлари амалга оширган давлат ташрифи доирасида Остонада бўлиб ўтди.
Эрдўғанга орденни Тўқаев топширган. Бунгача, кенгайтирилган таркибдаги учрашув чоғида Тўқаев ушбу мукофот Қозоғистон халқининг самимий ҳурмат-эҳтиромининг ёрқин ифодаси бўлишини айтган.
Тақдирлаш маросимида сўзга чиққан Тўқаев Туркия Эрдўған раҳбарлигида салмоқли ютуқларга эришиб, нуфузли ва қудратли давлатга айланганини қайд этган.
“Президент Эрдўған глобал сиёсатда адолат ва масъулият тамойилларини изчил ҳимоя қилиб келаётган атоқли давлат арбобидир. Сизнинг “дунё бешдан каттадир” деган концепциянгиз кенг шуҳрат қозонди. Бу, шубҳасиз, халқаро муносабатлар тизимидаги тенгсизликка қарши дадил чақириқдир. Бундан ташқари, сиз туркий ва Ислом дунёси ҳамкорлигини мустаҳкамлашда алоҳида ўрин тутасиз. Муболағасиз айтиш мумкинки, сиз туркий дунёнинг энг обрўли етакчиларидан бирисиз. Сиз қардош мамлакатларнинг маънавий ва сиёсий бирлигини мустаҳкамлаш йўлида тинимсиз саъй-ҳаракат қилиб келмоқдасиз”, деган Қозоғистон Президенти.
Эрдўған Тўқаевга мукофот учун миннатдорлик билдириб, уни Туркия ва унинг халқига бўлган эҳтиром рамзи сифатида қабул қилишини айтган.
Тўқаев тилга олган “дунё бешдан каттадир” концепцияси Эрдўғаннинг дунёдаги муаммоларни фақат БМТ Хавфсизлик Кенгашига аъзо давлатлар (Россия, АҚШ, Хитой, Буюк Британия, Франция) кучи билан ҳал қилиб бўлмаслиги ва уни ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақидаги баёнотларини англатади. Аввалроқ Тўқаев ҳам БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш зарурлиги ҳақида фикр билдирган эди.
Қозоғистон Сенати (юқори палата) 14 май куни бўлиб ўтган мажлисда давлат мукофотлари тўғрисидаги қонунга ўзгартиришларни тасдиқлади. Сенат девони раҳбари Максим Споткайнинг маълум қилишича, Хўжа Аҳмад Яссавий ордени давлатчилик, гуманитар ва маърифий соҳаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун маҳаллий ва хорижий олимлар, жамоат ва давлат арбобларига берилади. Хўжа Аҳмад Яссавий (1103–1166) ҳозирги Қозоғистоннинг Туркистон вилояти жойлашган ҳудудда туғилиб, ижод қилган. У туркум шеърлар муаллифи бўлиб, Марказий Осиё туркий халқлари орасида Ислом динининг тарқалишида муҳим ўрин тутган шахслардан бири саналади.
Live
Барчаси