Эрдўған ва Путин Суриядаги вазиятни муҳокама қилди
Олам
−
03 Декабрь
2959Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот ўтказиб, Суриядаги вазиятни муҳокама қилди. Бу ҳақда икки мамлакат Президентларининг матбуот хизматлари хабар берди.
“Музокаралар давомида Туркия ва Россия ўртасидаги икки томонлама муносабатлар, Сурия воқеалари, глобал ва минтақавий муаммолар муҳокама қилинди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, Эрдўған мулоқот давомида Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашини ва Дамашқ сиёсий қарорга муҳтожлигини таъкидлаган.
“Президент Эрдўған Туркия бир томондан Суриянинг ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлашда давом этаётганини ва бошқа томондан Сурияда адолатли ва мустаҳкам ечим излаётганини, минтақада дипломатия учун кўпроқ жой очиш муҳимлигини ва Сурия режими бу жараёнда сиёсий қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этиши кераклигини таъкидлади”, дейилади хабарда.
Владимир Путин эса радикал гуруҳлар томонидан Сурияга қарши олиб борилаётган террористик ҳужумларни тез орада тўхтатиш ва мамлакатдаги қонуний ҳукуматнинг барқарорлик ҳамда конституциявий тартибни тиклаш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлаган. Бу борада у Анқаранинг минтақадаги имкониятларидан фойдаланиш аҳамиятини алоҳида қайд этган.
Президентлар шу муносабат билан икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва Остонадаги музокаралар жараёнида ўзаро алоқаларни давом эттириш зарурлигини билдирган.
“Россия, Туркия ва Эрон ўртасида Суриядаги вазиятни нормаллаштириш бўйича яқин координацияни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди”, дейилади Кремль хабарида.
Маълумот учун, “Ҳаят Таҳрир аш-Шом” (“Жабҳат ан-Нусра”) террорчилик гуруҳи жорий йилнинг 29 ноябрь куни шимолий Идлибдан Ҳалаб ва Ҳама шаҳарларига қараб кенг миқёсли ҳужум бошлаганди. Бир кун ўтиб, 30 ноябрда Суриянинг иккинчи йирик шаҳри Ҳалаб ва унинг атрофидаги ҳудудлар, жумладан, халқаро аэропорт ва Кувайрис ҳарбий аэродроми террорчилар томонидан назоратга олинди. Оқибатда Ҳалабнинг тўлиқ эгалланиши 2011 йилда Суриядаги инқироз бошидан бери биринчи марта содир бўлди. 2016 йил охиригача қуролли террорчилар фақат шаҳарнинг шарқий қисмини назорат қилган.
Ҳалаб эгаллангандан сўнг террорчилик гуруҳлари Ҳама шаҳрига қараб ҳаракат қилишни бошлади ва Маарат Нуъман қишлоғини эгаллади. Сурия армияси қўмондонлиги 1 декабрда террорчиларнинг Ҳама томон ҳаракатланиши тўхтатилганини ва ҳукумат қўшинлари қарши ҳужум бошлаганини, шу жумладан террорчилар томонидан эгалланган бир қанча жойларни озод этилганини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Путин Эрон Президенти Масъуд Пезешкиён билан ҳам телефон орқали мулоқот ўтказиб, Суриядаги кескинликни муҳокама қилганди.
LiveБарчаси
“Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси ўзгарди.
04 Декабрь
Доллар курси бироз пастлади.
04 Декабрь