Эрдўған ўзи ва хотинига атаб музей очяпти

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған сайловлар арафасида унинг шахсига бағишланган музейга эга бўлади. Бу ҳақда кеча, 12 январь куни туркиялик журналист Мурат Сабунчу Т24 сайтида чоп этилган мақоласида маълум қилди. 

Журналистга кўра, музей Эрдўған туғилиб вояга етган илк йиллари ўтган Истанбулнинг Қосимпаша туманида бўлади. Экспозиция Туркия раҳбари ҳаётига бағишланган бўлиб, у телеекранларда намойиш этиладиган ва бино деворларига акс эттириладиган фотосуратлар ва видео монтажлардан иборат бўлади. Шунингдек, ташриф буюрувчиларга Туркия етакчиси оиласининг шажараси, университетда ўқиётган пайтида Истанбулнинг турли ёшлар клубларида тўп сургани, ҳаттоки бир неча ой қамоқда ўтиргани кўрсатилади. 

Музей ташкилотчилари Эрдўғаннинг Президент сифатидаги фаолиятини эътибордан четда қолдирмайди. Кўргазмада давлат раҳбарининг энг муҳим нутқлари, масалан, БМТдаги нутқлари, шунингдек, Ая-Софияни масжид мақомига қайтаришдаги иштироки намойиш этилади. 

Музейда, шунингдек, Эрдўғаннинг оила аъзолари, хусусан, унинг рафиқаси Эмина Эрдўғанга бағишланган экспонатлар ҳам намойиш этилади.

Маълумот учун, Ражаб Тойиб Эрдўған 1954 йилнинг 26 февраль куни Истанбулда туғилган. У Туркиянинг 12-президенти ва мамлакатни 2014 йилдан буён бошқариб келмоқда. У бунгача 2003—2014-йилларда Туркия Бош вазири, 1994—1998 йилларда Истанбул мэри лавозимларида ишлаган. Ҳукмрон "Адолат ва тараққиёт" партияси асосчиси. 

У 2014 йил 10 августда Туркияда бўлиб ўтган президентлик сайловларида ғалаба қозонди, 2018 йилда бўлиб ўтган навбатдан ташқари сайловларда яна президент этиб сайланди. 69 яшар Эрдўған жорий йил ёз ойларида ўтиши режалаштирилаётган Президент сайловида ҳам асосий номзод бўлмоқда. 


Мақола муаллифи

Теглар

Ражаб Тойиб Эрдўған Эмина Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг