Эрдўған учинчи марта ҳам Президентликка номзод бўлади
Олам
−
07 Февраль 2022
5449Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 2023 йилда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида “Халқ альянси”дан номзод бўлади. Бу ҳақда альянс таркибига кирувчи Миллий ҳаракат партияси раҳбари Девлет Бахчели Twitter’да маълум қилди.
Ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси (АТП) ва Миллий ҳаракат партияси (МҲП) аввалроқ “Халқ альянси”ни тузган эди.
“Президентликка номзодимиз аниқ, бу Ражаб Тойиб Эрдўған. 2023 йил июнь ойида бўлиб ўтадиган сайловларда жаноб Эрдўғпннинг катта фарқ билан ғалаба қозонишига ишонаман, “Халқ альянси” ҳам яна бир ғалаба қозонади”, деган Бахчели.
Баъзи доиралар, Президент Эрдўғаннинг энди номзод бўлмаслиги ҳақидаги “душманликка йўғрилган қора пропаганда”ни аллақачон бошлаганини таъкидлаган Бахчели, бу даъвонинг қонуний ва конституциявий асоси ҳамда объектив ҳақиқатга эга эмаслигини қўшимча қилди.
“Эрдўған президентлик тизимининг биринчи Президенти ва унинг яна номзод бўлиши учун ҳеч қандай тўсиқ йўқ. Президентнинг камида уч муддатга сайланиши учун зарур ҳуқуқий тайёргарликни амалга ошириш учун қўлимиздан келганини қиламиз ва бунга эришамиз”, деб қўшимча қилди Бахчели.
Тойиб Эрдўған 2003 йилдан бери ҳокимият тепасида. У 2014 йилгача Бош вазир бўлган. 2014 йил августида Эрдўған 51,8 фоиз овоз билан президентлик сайловларида ғалаба қозонди (мамлакатдаги биринчи тўғридан-тўғри президентлик сайлови).
2018 йилда бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида Эрдўған президентлик сайловларининг биринчи босқичида 52,5 фоиз сайловчининг овози билан ғалаба қозонган эди.