Эрдўған Туркияни 80-йилдаги конституциясидан воз кечтирмоқчи

Олам

image

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған республиканинг 1980 йилдаги ҳарбий тўнтаришдан кейин тасдиқланган амалдаги конституцияси ўрнига янги конституцияни тезроқ қабул қилиш зарурлигини айтди. Унинг фикрича, республика эълон қилинганининг 100 йиллигини (29 октябрь) нишонлаш ва унинг олдида турган вазифаларни эски асосий қонун билан ҳал этишни мамлакат кўз олдига келтира олмайди. 

“Республика эълон қилинганининг 100 йиллигини ҳарбий тўнтаришдан сўнг қабул қилинган конституция билан нишонлашни тасаввур қилолаймиз. Биз 2022 йилдан бери адолат соҳасида эришаётган оғир ғалабани, эркинликни кафолатлайдиган ва барчани бирлаштирувчи фуқаролик конституциясининг қабул қилиниши билан тожламоқчимиз. Туркияни тўнтариш даври конституциясидан озод қилиш миссияси 28-парламент учун асосий вазифалардан бири бўлади”, дейди Эрдўған Анқарада суд ҳокимияти вакиллари билан учрашувда. 

Эрдўған икки марта конституцияга ўзгартириш киритиш билан боғлиқ масалаларни халқ маъқуллашига топширган. 2017 йилги референдумдан сўнг республикада парламент бошқарув шакли президент бошқарувига алмаштирилди, бироқ бу ўзгаришларни ҳисобга олиб, янги конституция қабул қилинмади. Жорий йилнинг май ойида янги президентлик муддатига қайта сайланган Эрдўған янги конституцияни қабул қилиш унинг маъмуриятининг асосий вазифаларидан бири эканлигини айтди.

Давлат тўнтариши ва конституция

Бош штаб бошлиғи генерал Кенан Эврен томонидан амалга оширилган 1980 йилги давлат тўнтариши республика тарихида 1960 ва 1971 йиллардаги давлат тўнтаришларидан кейинги учинчи давлат тўнтариши бўлди.  Кейинги уч йил давомида, демократия тиклангунга қадар Туркия қуролли кучлари мамлакатни Миллий хавфсизлик кенгаши орқали бошқарган. 

Тўнтариш натижасида 250 дан 650 минггача одам ҳибсга олинди, 517 киши ўлимга ҳукм қилинди. Ҳаммаси бўлиб 1 миллион 683 минг киши қора рўйхатга тушди, 30 минг киши сиёсий қочқинга айланди. 23 677 та жамоат бирлашмалари, биринчи навбатда коммунистик, сўл марказчи ва курд ташкилотлари, шунингдек, барча партиялар ва касаба уюшмалари фаолияти тақиқланди. 400 нафар журналист жами 3315 ярим йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Уч йил давомида давлат тўнтариши ташкилотчилари ҳарбийлар томонидан бошқариладиган жамиятни шакллантириш учун 800 га яқин қонунлар чиқардилар. Улар амалдаги Конституциянинг ишламаслигига ишонч ҳосил қилишди, шунинг учун янги конституцияни қабул қилишга қарор қилинди. 

1981 йил 29 июнда ҳарбий хунта янги конституцияни ишлаб чиқиш учун маслаҳат кенгашининг 160 аъзосини тайинлади. Янги конституцияда президентни сайлаш қоидалари каби аниқ чегаралар ва таърифлар белгилаб қўйилган эди, улар давлат тўнтаришига сабаб бўлган омил ҳисобланади. 

1982 йил 7 ноябрда янги конституция референдумга қўйилди ва унда 92% овоз билан маъқулланди. 1982 йил 9 ноябрь Кенан Эврен кейинги 7 йилга президентлик лавозимига тайинланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг