Эрдўған Россиядаги BRICS саммитида қатнашади
Олам
−
03 Сентябрь
3784Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Россия ҳукуматининг Қозондаги BRICS саммитида иштирок этиш таклифини қабул қилди. Бу ҳақда Россия давлат раҳбарининг ёрдамчиси Юрий Ушаков маълум қилди.
“Таклиф Туркия томонига етказилди, Эрдўған уни қабул қилди”, дейди Ушаков.
Кеча, 2 август куни Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков, ўз навбатида, Владимир Путиннинг Туркияга ташрифи саналари ҳали келишиб олинмагани, бу иш давом этаётганини айтганди.
BRICS саммити 2024 йилнинг 22-24 октябрь кунлари Қозон шаҳрида бўлиб ўтади.
Маълумот учун, BRICS'га 2006 йилда Бразилия, Россия, Ҳиндистон ва Хитой томонидан асос солинган ва 2011 йилда Жанубий Африка унга аъзо бўлган. 2024 йилнинг 1 январида Миср, Эрон, Бирлашган Араб Амирликлари, Саудия Арабистони ва Эфиопия гуруҳнинг тўлиқ аъзоси бўлди. Бу йил ассоциацияга Россия раислик қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Хитойга сафари чоғида Туркия BRICS’га аъзо бўлмоқчилиги, бу масала иттифоқ вазирларининг Нижний Новгороддаги йиғилишида муҳокама қилинишини айтганди. “Bloomberg” нашри эса манбаларига таяниб, Туркия ҳукумати бир неча ой олдин BRICS'га аъзо бўлиш учун ариза топширганини ёзди. Хитойнинг Россиядаги элчиси Чжан Ханьхуэй эса Хитой раҳбари Си Цзиньпин Қозонда бўлиб ўтадиган BRICS саммитида иштирок этишини маълум қилди.