Эрдўған Маскни Туркияда Tesla заводини очишга чақирди
Олам
−
18 Сентябрь 2023
5488Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркда тадбиркор Илон Маск билан учрашди. Бу ҳақда Туркия Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик билан алоқалар бошқармаси X (собиқ Twitter) ижтимоий тармоғида хабар берди.
“Президентимиз жаноб Ражаб Тойиб Эрдўған Нью-Йоркдаги Турклар уйида Tesla ва SpaceX асосчиси Илон Маскни қабул қилди”, дейилади хабарда.
Учрашувда Президент тадбиркорни Туркияда еттинчи Tesla электромобиль ишлаб чиқариш заводини очишга чақирган. Эрдўған Туркиянинг космик дастури доирасида мамлакатнинг SpaceX билан ҳамкорлиги потенциал ривожланишини таъкидлаган ва Маскни сентябрь ойи охирида Туркиянинг Измир шаҳрида бўлиб ўтадиган технология кўргазмасида иштирок этишга таклиф қилган.
Қайд этилишича, Президент Маскга Туркияни рақамлаштириш концепцияси ва сунъий интеллект соҳасидаги миллий стратегия ҳақида ҳам гапириб берган.
Маълумот учун, бу Туркия раҳбари ва америкалик тадбиркорнинг биринчи учрашуви эмас. Ўтган йил охирида улар Қатарда жаҳон чемпионатининг финал учрашувида суҳбатлашган. Суҳбат тафсилотлари эса очиқланмаган.