Эрдўған конституцияни ўзгартирмоқчи

Олам

image

Туркия сиёсий элиталарнинг дунёқараши билан тузилган йўлда давом эта олмайди. Пойдевори давлат тўнтаришини ўзида акс эттирган ушбу Конституцияни ўзгартириш керак. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған кеча, 27 май куни 1960 йилда Туркияда амалга оширилган давлат тўнтаришига 64 йил тўлиши муносабати билан ташкил этилган тадбирда сўз очди. 

Унинг қайд этишича, 1960 ва 1980 йиллардаги давлат тўнтаришидан кейин Конституцияга киритилган ўзгартиришлар, янгилашлар мафкуравий, қаттиқ ва заиф сиёсий жиҳатларга эга. Чунки улар сиёсий бўлмаган иштирокчилар томонидан тайёрланган.

“Миллатнинг ғоялари, талаблари, ташвишлари ва умидлари ҳисобга олинмасдан, муроса изламасдан тузилган конституциялар туғилишдан ногирон бўлиб, муаммоларни ҳал қилишдан кўра инқироз яратишга яқинроқдир”, дейди Эрдўған.

Туркия раҳбарига кўра, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятлари ўртасидаги такрорий баҳс-мунозаралардан тортиб, юқори суд органлари ўртасида юзага келадиган зиддиятларгача бўлган муаммоларга айнан амалдаги Конституциядаги кемтиклар сабаб бўлмоқда. Алоҳида урғулашича, давлат ва фуқаро ўртасидаги муносабатларни заҳарлайдиган бюрократик олигархияни йўқ қилиб бўлмаслигининг сабаби ҳам шу.

“Биз пойдевори тўнтаришчиларга бориб тақаладиган, тили муаммоли, ҳамжиҳатликдан кўра элитанинг келишувини акс эттирувчи ҳозирги конституциямиз билан давом эта олмаймиз. Республикамизнинг 100 йиллиги тўнтарув конституцияси билан ўтгани аллақачон сиёсий тузум учун катта шармандаликка сабаб бўлмоқда. Бировнинг роҳати бузилмасин деб, энди халқимиз бу шармандалик билан яшашига йўл қўя олмаймиз”, дейди Эрдўған.

Унга кўра, конституцияни ўзгартириш бўйича мулоқотларга мухолифат ҳам қўшилиб, бу борада Ҳукуматни қўллаб-қувватлайди.  

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг май ойида Ражаб Тойиб Эрдўған ёшлар билан сайловолди учрашув ўтказиб, унда конституцияни янгилаш нияти борлиги, унга ЛГБТга қарши моддалар киритилиши кераклигини айтган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Ражаб Тойиб Эрдўған Туркия Конституцияси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг