Эрдўған Қозоғистонга ёлғиз жўнаб кетди
Олам
−
02 Ноябрь 2023
6503Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Туркий давлатлар ташкилотининг (ТДТ) Х саммитида иштирок этиш учун Қозоғистонга жўнаб кетди. Бу ҳақда мамлакатнинг бош ахборот агентлиги “Анадолу” хабар берди.
Давлат раҳбарини Анқарадаги Эсенбоға аэропортида вице-президент Жавдат Йилмаз ва бошқа расмий шахслар кузатиб қолган.
Сафарда Туркия раҳбарига Энергетика ва табиий ресурслар вазири Алпарслан Бақроқдор, Савдо вазири Умар Болат, ТДТ Оқсоқоллар кенгаши раиси Бинали Йилдирим, Миллий разведка бошқармаси Иброҳим Қалин ва Президент маъмурияти қошидаги Алоқа бюроси раҳбари Фахриддин Алтун ҳамроҳлик қилмоқда.
Одатда Туркий давлатлар ташкилоти доирасида ўтадиган тадбирларда Эрдўғанга рафиқаси Эмина Эрдўған ҳамроҳлик қиларди. Ўтган йили 10-11 ноябрь куни Самарқандда бўлиб ўтган тадбирларда ҳам Президент рафиқаси билан қатнашган эди. Бироқ галдаги ташрифга Эмина хоним ҳамроҳик қилмаяпти. Бу катта эҳтимол билан Остонанинг талаби. Боиси бугунгача Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг турмуш ўртоғи ҳеч қаерда кўриниш бермаган. Оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик эса унинг рафиқаси борлигига ҳам шубҳа билан қарайди.
Эслатиб ўтамиз, эртага, 3 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мезбонлигида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг Х Саммити бўлиб ўтади. Унда ташкилотга даврий раислик Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтади.
Саммитда Озарбайжон, Қирғизистон ва Ўзбекистон Президентлари – Илҳом Алиев, Садир Жапаров ва Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ТДТ кузатувчилари давлат/ҳукумат раҳбарлари ҳамда ТДТ Бош котиби иштирок этиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Шавкат Мирзиёевнинг иштирокини тасдиқлади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь