ТДТга раислик Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтяпти

Жамият

image

Эртага, 3 ноябрь куни Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мезбонлигида Туркий давлатлар ташкилотига аъзо давлатлар Давлат раҳбарларининг Х Саммити бўлиб ўтади. Унда ташкилотга даврий раислик Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтади. Бу ҳақда ташкилот расмий сайтида маълум қилинди. 

Саммитда Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия ва Ўзбекистон Президентлари – Илҳом Алиев, Садир Жапаров, Ражаб Тойиб Эрдўған ва Шавкат Мирзиёев, шунингдек, ТДТ кузатувчилари давлат/ҳукумат раҳбарлари ҳамда ТДТ Бош котиби иштирок этиши кутилмоқда.

“Туркийлар даври!” шиори билан ўтказиладиган саммит йиғилиши Ташкилотнинг тиғиз кун тартиби муҳокама қилинадиган, етакчилар бир қатор муҳим масалалар бўйича қарорлар қабул қиладиган, ТДТ доирасида иқтисодиёт, савдо, транспорт ва божхона соҳаларида турли келишувлар ва расмий ҳужжатларни якунлайдиган юқори даражадаги платформага айланади”, дейилади расмий баёнотда. 

Давлат раҳбарлари, шунингдек, минтақадаги ва ундан ташқаридаги сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар юзасидан фикр алмашадилар, турли соҳаларда аъзо давлатлар ва кузатувчилар ўртасидаги кўп томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини кўриб чиқадилар. 

Ташкилотга раислик Ўзбекистондан Қозоғистонга ўтадиган Саммит дастури якунида давлат раҳбарлари қатор қарорлар билан бирга Остона акти ва Остона саммити декларациясини имзолайдилар. 

Саммит олдидан Остонада ТДТ Ташқи ишлар вазирлари кенгаши йиғилиб, саммит кун тартибидаги масалалар ва давлат раҳбарлари томонидан имзоланадиган ҳужжатлар бўйича якуний ишларни амалга оширади.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 2 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этишини тасдиқлаган эди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Туркий давлатлар ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг