Исроилнинг зўравонликлари нафақат мусулмонларга, балки насронийларга ҳам қаратилган – Эрдўған
Олам
−
17 Май 2021
7964Исроилнинг ҳаракатлари нафақат Фаластинга, балки бутун мусулмонларга, шунингдек насронийларга ва умуман инсониятга қарши қаратилган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Рим Папаси Франциск билан телефон орқали суҳбати давомида шундай фикр билдирди.
Суҳбат чоғида Туркия Президенти Фаластиндаги вазиятни даҳшатли, деб таърифлаган.
“Туркия Яқин Шарқдаги вазият бўйича барча халқаро майдонлар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) да ҳам фаол дипломатик ҳаракатлар олиб бормоқда, аммо БМТ Хавфсизлик Кенгаши бу масалага муносиб эътибор қаратмаяпти”, дейди Туркия раҳбари.
Унинг сўзларига кўра, инсоният муқаддас қадамжоларининг дахлсизлигини ҳам менсимаётган, “босқинчи” Исроил давлатига қарши туриш учун барча саъй-ҳаракатларни бирлаштириши керак.
Президент Эрдўған Рим Папаси Францискнинг баёнотлари ва муносабати христиан олами ҳамда халқаро ҳамжамиятни фаоллаштириш нуқтаи назаридан катта аҳамиятга эга эканлигини таъкидлаган.
Аввалроқ Эрдўған Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний билан телефон орқали мулоқотда халқаро ҳамжамият Исроилнинг Фаластиндаги зўравонликларининг олдини олиш учун унга қаттиқ дарс бериб қўйиши кераклигини таъкидоаган эди.
Исроил-Фаластин можаросининг кескинлашиши
Жорий йилнинг 7 май – Рамазон ойининг охирги Жума куни, Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди атрофида тартибсизликлар бошланди. Бунга Исроил полицияси томонидан фаластинлик араблар таровеҳ намозини ўқиётган ушбу масжидга ҳужум қилингани сабаб бўлди. Бундан ташқари, Исроил суди Шайх Жарроҳ маҳалласида яшовчи араб оилаларини кўчириш тўғрисида қарор чиқарди. Чунки бу ерларга яҳудийлар даъво қилиб келади.
Шундан сўнг, Ғазони назорат қилувчи фаластинликларнинг ҲАМАС ҳаракати Исроилни огоҳлантирди: Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ва Шайх Жарроҳ маҳалласидан аскарларни олиб чиқиб кетиш учун маҳаллий вақт билан соат 18:00 гача муддат қўйди.
Шарт бажарилмагач, 10 май куни ушбу ҳаракат Исроилнинг бир қатор шаҳарларини 45 та ракета билан ўққа тутди. Бироқ Исроилнинг ҳаво ҳужумига қарши “Темир гумбаз” мудофаа тизими ушбу 45 ракетанинг катта қисмини осмоннинг ўзида зарарсизлантирди. Баъзилари эса аҳоли яшаш пунктига тушди. Вақт ўтиши ва икки ўртадаги зиддият ортиб бориши билан бу сценарий кўп марта такрорланди. ҲАМАС ракета учираверди, Исроил унинг катта қисмини зарарсизлантириб, қарши ҳужум билан жавоб қайтараверди.
Исроил судининг биргина қарори ва масжидга қилинган ҳужум шундай шиддатли ҳарбий ҳаракатларни келтириб чиқарди. Оқибатда эса Ғазо секторида яшовчи 126 араб ҳалок бўлди, 1000 га яқин жароҳат олди.
Халқаро муносабат
Таъкидлаш жоизки, халқаро муносабатларнинг баъзи иштирокчилари ушбу масалада фақат тил учида муносабат билдирган бўлса, бошқалари Исроилни ҳатто террорда айблади.
Айниқса, Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ушбу масалада фаол: бир қатор исломий давлатлар раҳбарлари билан Исроилнинг хатти-ҳаракатларини муҳокама қилди, Арманистонга қарши урушда Туркия Озарбайжонни қандай қўллаган бўлса, Исроилга қарши курашда Фаластинни ҳам шундай қўллашини маълум қилди.
Эрдўған Фаластин давлатининг инқрозига бугун тўхталаётгани йўқ. У аввалдан жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини ушбу мавзуга қаратиб келган. Жумладан, 2019 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 74-мажлисида Эрдўған нутқ сўзлаб, Исроилнинг Фаластинни бутунлай эгаллаб олаётгани, БМТ эса бунга томошабин бўлиб турганини қоралади. Ўшанда Эрдўған минбарга Исроил ва Фаластин тупроқлари акс этган харита билан чиққан. Ундаги тўрт суратда 1948 йил – Исроил давлати ташкил топгандан буён Фаластин ерларини қанчалик эгаллаб бораётгани тасвирланган эди.
Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров эса Исроил расмийларининг Шарқий Қуддусдаги ҳарбий амалиётини “қонунбузарлик” деб атаб, улар содир бўлган воқеа учун фаластинликлардан кечирим сўраши кераклигини таъкидлади.
Қатор мусулмон давлатлар умумий равишда Исроил халқаро ҳуқуқ нормларини бузаётганини айтиб, норозилик билдирди. Уларнинг орасида Иордания, Покистон, Саудия Арабистони, Миср, Қатар, Баҳрайн ва БАА бор.
Кейинчалик, Эрон Президенти Ҳасан Руҳоний Исроилнинг Шарқий Қуддус ва Ғазодаги сўнгги ҳужумларига муносабат билдириб, Миср ва Иорданиянинг ҳаракатсизлигини танқид қилди. У Исроил ҳукуматини “қонхўр сионист” деб атади. Шунингдек, Эрон ҲАМАС ташкилотини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга ваъда берди.
Исроилнинг “тутинган акаси” АҚШ эса ҳар икки томонни ҳам вазиятда айбдор деб, можарони тугатишга чақирди. Европа Иттифоқи эътиборини фаластинликларнинг ноқонуний кўчирилишига қаратди. Хитой эса бу вазиятда Фаластиннинг ёнидан жой олишини эълон қилди.
Марказий Осиё давлатларидан Қозоғистон Ал-Ақсо масжиди атрофидаги вазиятни ҳурмат қилишга, Ўзбекистон эса ушбу масжид дахлсизлигини таъминлашга чақирди.
LiveБарчаси