Эрдўған Исроилга қарши исломий коалиция тузишга чақирди

Олам

image
Эрдўғанни Саддам осилган дор кутяптими? north_east

Эрдўғанни Саддам осилган дор кутяптими?

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати нафақат Ғазо секторини, балки Туркияни ҳам ҳимоя қилишини айтди ва Исроил кенгайишига қарши исломий давлатлар коалициясини тузишга чақирди. Бу ҳақда у 7 сентябрь куни Туркия шимоли-ғарбидаги Кожаели шаҳрида сўз очди. 

Эрдўған Ғазо секторидаги можаро Исроилнинг Фаластинга қарши уруши эмас, балки “ўз ватанини ҳимоя қилаётган мусулмонлар ва сионист экспансионистлар ўртасидаги кураш” эканини айтди.

“Мамлакатимизда ва бошқа мусулмон давлатларида баъзилар бу масалани ўзларидан узоқ деб билишади ва жуда адашади. Айтганимдек, Исроил Ғазода тўхтамайди. Агар Исроил худди шу руҳда давом этса, Рамаллоҳ ишғол қилинганидан кейин ҳам кўзлари бошқа жойларга тушади. Навбат бошқа мамлакатларга келади, Исроил Ливан ва Сурияга келади, шундан сўнг улар Дажла ва Фурот дарёлари орасидаги ҳудудларимизни хоҳлашади. Улар харита олдида суратга тушганларида бу ҳақда тўғридан-тўғри гапиради ва Ғазони босиб олиш улар учун етарли эмаслигини эълон қилади. Шунинг учун биз ҲАМАС мусулмонлар номидан қаршилик қилмоқда деймиз, ҲАМАС нафақат Ғазони, нафақат ислом юртларини, балки Туркияни ҳам ҳимоя қилмоқда, деймиз”, дея таъкидлайди Эрдўған.

Унинг таъкидлашича, Исроилнинг “давлат террорига” қаршилик кўрсатиш барча мусулмонлар учун вазифа ва айни пайтда миллий вазифадир. Унинг сўзларига кўра, ислом давлатлари таҳдидни тезроқ тан олиши ва бир-бири билан ҳамкорликни кучайтириши керак.

“Миср ва Сурия бўйича қўйган янги қадамларимиз ортиб бораётган экспансионизм таҳдидига қарши бирдамлик чизиғини шакллантиришга қаратилган. Барча исломий давлатлар бир нуқтада тўхтаб қоладиган Исроил ишғолига нисбатан ягона позицияни эгаллашлари керак. Исроилнинг давлат террори, такаббурлиги ва бандитлигини тўхтатадиган ягона қадам бу ислом давлатларини бирлаштиришдир”, деди Туркия Президенти.

Унинг таъкидлашича, Анқара ва Миср ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш жараёни “Ғазо секторидаги фаластинликларга фойда келтиради”.

Эрдўған Анқара минтақадаги дўстлари сонини оширишда давом этишига, шунингдек, Туркиянинг ташқи сиёсатдаги “манёвр майдони”ни кенгайтиришга ваъда берди.

“Миср ва Туркия минтақавий гуманитар инқирозларнинг олдини олиш учун биргаликда ишлашга келишиб олдилар”, деган Миср Президенти Абдулфаттоҳ ас-Сиси 4 сентябрь куни Туркияга илк ташрифи чоғида.  

Эрдўған, ўз навбатида, Қоҳира ва Анқаранинг Фаластин инқирози бўйича позициялари бир-бирига мос келишини таъкидлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрдўған Анқара Исроилга бир вақтлар Ливия ва Қорабоғга киргани каби “кириши” мумкинлигини айтган эди. Исроил Ташқи ишлар вазири Исраэль Кац бунга жавобан Эрдўған Саддам Ҳусайн йўлидан кетаётганини айтиб, уни Ироқнинг собиқ раҳбари тақдирини эслашга чақирди. Шунингдек, Кац НАТОга аъзо барча давлатларни Туркияни блокдан зудлик билан чиқариб юборишга чақирди.  


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг