Эрдўған ислом давлатларини Ғазодаги фалокатга жим қараб турмасликка чақирди (видео)
Олам
−
21:53 263 2 дақиқа
Ғазо секторида давом этаётган ҳужумлар фонида мусулмон жамоатчилиги Исроилга босимни кучайтириш бўйича саъй-ҳаракатларни фаоллаштириши зарур. Бу ҳақда бугун, 18 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Адолат ва тараққиёт партиясининг парламент фракцияси йиғилишида сўз очди.
“Қирғинлар, мақсадли қотилликлар, камситиш, яккалаб қўйиш, атайлаб очликка маҳкум этиш ва бошқа кўплаб жиноятлар Исроил раҳбарияти дунёдаги энг йирик концентрацион лагерга айлантирган Ғазода бутун дунё кўз ўнгида деярли ҳар куни содир этилишда давом этмоқда”, дейди Туркия етакчиси.
Эрдўған дунё эски тартиб қулаётган, аммо унинг ўрнига нима келишини ҳеч ким билмайдиган оғриқли жараённи бошдан кечираётганига эътибор қаратган.
“Парда ортида оммавий ахборот воситалари ва телеэкранларда акс эттирилаётганидан кўра анча шафқатсиз ва вайронкор рақобат авж олмоқда. Россия ва Украина ўртасидаги уруш давом этмоқда, томонлар ўзаро талафот кўрмоқда, минтақага авиаташувчи кемаларнинг ташланиши билан эса Форс кўрфазида вазият яна кескинлашмоқда”, дейди Туркия етакчиси.
Туркия Президенти қишки кучли совуқ ҳали бошланмаганини, бироқ Исроил томонидан жорий этилган ғайриинсоний чекловлар туфайли Ғазо секторида ҳозирданоқ кенг кўламли гуманитар фалокат бошланганини қайд этган.
“Тиззасигача сув ва лойга ботиб турган, ҳатто пана топиши мумкин бўлган чодирлардан ҳам маҳрум ва совуқдан дир-дир титраётган Ғазо болаларининг юракни эзувчи аҳволига қарашга юрагимиз дош бермаяпти. Йиллар давомида дунёга демократия ва инсон ҳуқуқларидан маъруза ўқиб келганлар ниқобларини ечиб, ўзларининг асл юзини кўрсатмоқда”, дейди Туркия раҳбари.
Эрдўған ислом оламини Исроилга босимни кучайтиришга чақирган.
“Фақат бошқаларга таяниш ўрнига, биз, мусулмонлар ҳаракат қилишимиз ва Исроилга босимни кучайтиришга эришишимиз керак. Ислом олами янада қаттиқ қишки совуқ бошлангунга қадар Ғазога кўпроқ гуманитар ёрдам етказиш учун янада кўпроқ куч сарфлаши лозим. Биз Ғазодаги биродарларимиз ва опа-сингилларимизни вақтинча жойлаштириш учун контейнерлар юборишга тайёрмиз”, дейди Президент.
Бундан ташқари, унинг сўзларига кўра, гуманитар ёрдам кўрсатиш учун зарур қадамлар ташланмоқда.
“Бошқалар кўзларини юмиб, қулоқларини беркитиб олсалар ҳам, биз Ғазодаги зулм ҳақида жим турмаймиз. Ҳатто ёлғиз ҳаракат қилишимизга тўғри келса ҳам ва бизни қўллаб-қувватловсиз қолдиришса ҳам, умид қиламанки, инсоният ҳамда биродарларимиз ва опа-сингилларимиз олдидаги бурчимизни бажаришда давом этамиз”, дейди Туркия Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус Ғазо секторига зудлик билан ва тўсиқларсиз ёрдам етказиш зарурлигини айтган эди.
Live
Барчаси