ЖССТ раҳбари Ғазога шошилинч гуманитар ёрдам етказишга чақирди
Олам
−
09:29 902 2 дақиқа
Ғазо секторида қиш келиши билан юз минглаб мажбуран кўчирилган фаластинликлар совуқ ва сув тошқинлари хавфи остида қолмоқда. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус ҳудудга гуманитар ёрдамни зудлик билан ва тўсиқларсиз етказиш зарурлигини таъкидлади. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Гебрейесус ижтимоий тармоқдаги саҳифасида ўтган ҳафта Ғазода 8 ойлик чақалоқ совуқ қотиш оқибатида вафот этганини эслади. Унинг таъкидлашича, қиш энди бошланаётган бир пайтда ҳеч бир бола совуқдан ҳалок бўлмаслиги керак.
ЖССТ раҳбарининг айтишича, бир неча кунлик ёмғирнинг ўзи ҳам Ғазодаги кўчирилган аҳоли лагерларини сув остида қолдирмоқда. Натижада чодирлар яшаш учун яроқсиз ҳолга келиб, оилалар совуқдан ҳимояланиш имконидан маҳрум бўлмоқда.
Маълум қилинишича, ҳозирда 950 минг нафар мажбуран кўчирилган фаластинлик сув тошқини хавфи мавжуд ҳудудларда яшамоқда. Уларнинг 400 минг нафари эса ўта юқори хавф остида қолган.
Гебрейесус кўплаб оилалар учун чодирлар ягона бошпана бўлиб қолаётганини таъкидлади. Уларнинг сув остида қолиши одамларни совуқ, ифлосланган сув ва турли касалликлар олдида ҳимоясиз қолдиради.
Шунингдек, ЖССТ раҳбари Ғазо аҳолиси ҳужумлар шароитида тўртинчи қишни қарши олаётганини қайд этди.
У ҳудудга бошпана қуриш материаллари, тоза ичимлик суви, гигиена воситалари, дори-дармонлар, вакциналар ва совуқ қотишнинг олдини олиш учун зарур ускуналарни кенг кўламда ҳамда тўсиқларсиз етказиш лозимлигини айтди. Касалликлар тарқалишини эрта аниқлаш ва уларга қарши чора кўриш учун лаборатория материаллари ҳам зарур.
Гебрейесус ЖССТ ва унинг ҳамкорлари гуманитар ёрдам етказишга тайёрлигини билдириб, ҳеч бир бола совуқдан ҳалок бўлмаслиги кераклигини яна бир бор таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ва яна 17 давлат Исроилнинг Ғазо сектори жанубидаги Хон-Юнус шаҳрида жойлашган “Носир” шифохонасига берган авиазарбасини қатъий қоралагани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси