Эрдўған инқироз фонида Алиевни йўқлаб Қорабоғга борди (видео)
Олам
−
15:43 1566 2 дақиқа
Бугун, 8 ноябрь куни Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Озарбайжонга борди. Уни аэропортда Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев кутиб олди. Бу ҳақда “Haberler” хабар берди.
Маълум қилинишича, Эрдўған Озарбайжоннинг Ғалаба куни муносабати билан Қорабоғда ўтказиладиган тадбирларда иштирок этиш учун мамлакатга ташриф буюрган. Унга рафиқаси Эмина Эрдўған, Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан, Қишлоқ ва ўрмон хўжалиги вазири Иброҳим Юмакли, Миллий разведка ташкилоти раҳбари Иброҳим Калин, Президент администрацияси мулоқот бошқармаси раҳбари Бурхониддин Дуран ҳамда бошқа юқори мартабали расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда.

.png)
Ташриф доирасида Эрдўған ва Алиевнинг икки томонлама учрашуви режалаштирилган. Унда Туркия ва Озарбайжон ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва стратегик ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, минтақавий ва халқаро масалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Шунингдек, Туркия Президентининг Шуша шаҳрида расмий кутиб олиш маросимида қатнашиши, Алиев билан музокара ўтказиши ва қўшма матбуот анжуманида иштирок этиши режалаштирилган. Эрдўған ташриф давомида Хўжали фожиаси ёдгорлиги ва музейи, шунингдек, Хонкендидаги Ғалаба ёдгорлигини ҳам зиёрат қилиши кутилмоқда.
.png)
Маълумот учун, 8 ноябрь Озарбайжонда Ғалаба куни сифатида нишонланади. Бу сана 2020 йилда Қорабоғдаги 44 кунлик уруш якунлангани ва Озарбайжон назорати тиклангани билан боғлиқ.
Қайд этиш жоиз, сўнгги ойларда Анқара ва Баку ўртасидаги муносабатларда бир қатор масалалар бўйича келишмовчиликлар юзага келди. Сентябрь ойида Озарбайжон ҳукумати давлат мактаблари ўқувчиларининг ташқи кўринишини тартибга солувчи қоидаларга ўзгартиришлар киритди. Янги меъёрлар ягона мактаб формаси стандартини бузувчи ёки таълимнинг дунёвий хусусиятига мос келмайдиган кийим элементларини тақиқлайди.
Қарор Туркияда, жумладан, юқори сиёсий даражада танқидларга сабаб бўлди. Озарбайжон парламенти депутати Жайҳун Мамедов журналистларга ислоҳот таълим муассасаларида диний, этник ва ижтимоий-иқтисодий фарқларни бартараф этишга қаратилганини изоҳлади. Ҳужжатда “ҳижоб” сўзи тилга олинмаган бўлса-да, ўзгартиришлар уни ўрашга ҳам дахлдор бўлди.
Кейинчалик Озарбайжон ТИВ республикада ҳокимиятни зўравонлик билан ўзгартиришга чақиргани учун 31 нафар Туркия фуқаросини номақбул шахслар рўйхатига киритди. Бунга қадар Озарбайжон Бош прокуратураси мамлакатда ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олишга очиқдан очиқ чақириқлар қилиш бўйича жиноят иши доирасида етти нафар Туркия фуқаросини халқаро қидирувга берган эди.
Эслатиб ўтамиз, муносабатлар совуқлашуви фонида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев “иш жадвалининг тиғизлиги сабабли” жорий йилнинг 29–30 октябрь кунлари Туркияда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида иштирок этмаганди.
Live
Барчаси