Эрдўған Бухорийга террорчиликка қарши курашда кўмаклашмоқчи
Олам
−
21 Октябрь 2021
10720Туркия Ғарбий Африканинг муҳим давлатларидан бири бўлган Нигерия билан ҳамкорликни янада кучайтиришга тайёр. Бу ҳақда Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған Нигерия Президенти Муҳаммаду Бухорий билан бўлиб ўтган қўшма матбуот анжуманида маълум қилди, дея ёзмоқда “Anadolu Agency”.
Туркия Президентининг таъкидлашича, 2022 йилда икки мамлакат дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 60 йиллигини нишонлайди.
“Туркиянинг Нигериядаги дипломатик миссияси Африка қитъасидаги энг қадимийларидан бири”, дейди Эрдўған.
Шунингдек, Туркия Президенти Нигерияга хавф солаётган масалаларга эътибор қаратган.
“Туркия террорчилар, қуролли тўдалар ва қароқчиларга қарши курашда Нигерияни қўллаб-қувватлашга тайёр. Икки давлат ўртасида мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик фаоллашади. Биз Туркия мудофаа саноатининг барча тажрибаларини Нигерия билан бўлишишга тайёрмиз ”, дейди Эрдўған, Туркиянинг жиноий ташкилотларга қарши курашда яхши тажрибага эга эканлигини эслатиб.
Туркия Президентининг таъкидлашича, Анқара Фатҳуллоҳ Гулен террорчилик ташкилоти (ФЕТО) Нигерияга ҳам хавф солаётгани ҳақида огоҳлантирган.
Хабарда таъкидланишича, 2020 йил охирида Туркия ва Нигерия ўртасидаги товар айланмаси 2 миллиард долларни ташкил қилган.
Нигерия Президенти, ўз навбатида, Туркия билан энергетика, мудофаа, табиий бойликлар ва углеводород ишлаб чиқариш соҳасида шартномалар имзоланганини эълон қилган.
Маълумот ўрнида, 2016 йилнинг 15 июль куни Туркияда давлатга қарши тўнтаришга уриниш амалга оширилди. Унда мамлакат хавфсизлик кучлари, ички ишлар, прокуратура, Миллий хавфсилик хизмати, Куролли кучлар, мудофаа тизимларига ўрнашиб олган кимсалар Эрдўған бошчилигидаги Ҳукуматга қарши тўнтаришни амалга ошириб, Президентни ҳокимиятдан ағдаришни мақсад қилган эди. Тўнтаришга уринишлар халқнинг кўчаларга чиқиб, мамлакат демократиясини ҳимоя қилиши билан бостирилди. Оқибатда 251 нафар бегуноҳ инсонлар қурбон бўлди.
Ушбу давлат тўнтаришига ҳаракат айни дамда АҚШнинг Пенсильвания штатида истиқомат қилиб келаётган Фатҳуллоҳ Гулен бошчилигидаги ФЕТО террористик гуруҳи ва унинг давлатдаги корчалонлари орқали амалга оширилгани маълум қилинди. Туркия Ҳукумати тўнтаришга уринишдан сўнг Фатҳуллоҳ Гулен ва у бошчилигидаги ташкилотга қарши муросасиз курашни бошлади.
LiveБарчаси