Эрдўған асосий душманини судга берди
Олам
−
04 Апрель 2022
14536Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған асосий мухолиф Республика Халқ партияси (РХП) етакчиси Камол Қиличдороғлу устидан судга мурожаат қилди. Бу ҳақда бугун, 4 апрель куни NTV телеканали хабар берди.
Президент суддан Қиличдароғлудан маънавий зарар учун товон сифатида бир миллион лира (тахминан 68 минг доллар) ундирилишини талаб қилган. Даъво аризасига РХП раҳбарининг партиянинг парламентдаги фракцияси олдида Эрдўғанни танқид қилган нутқи ва 31 март куни Twitter’даги твити сабаб бўлган. Унда мухолифатчи Президентни очкўзликда айблаган.
Эрдўғаннинг адвокати Ҳусайн Айдин ёзма баёнотида Қиличдароғлу жорий йилнинг 22 мартида Туркия Буюк Миллат Мажлисидаги фракцияси йиғилишида ва ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифасида Президентнинг шахсий ҳуқуқларини бузганини айтган.
Айдин шунингдек, Қиличдароғлуга нисбатан “эҳтиёт чораси” танлаш, айбланувчининг Эрдўған шахсини ҳимоя қилиш учун унга қаратилган баёнотларидан фойдаланишни чеклаш талаб этилганини билдирган.
Бу Эрдўғаннинг Қиличдароғлуга қарши биринчи даъвоси эмас ва турк сиёсатчилари учун жуда оддий амалиётга айланган. Ўтган йилларда амалдаги Президентнинг адвокатлари вақти-вақти билан мухолифатга қарши Эрдўғанга етказилган маънавий зарарни қоплашни талаб қилиб судга шикоят қилган, шунингдек қарши даъволар ҳам бўлган. Даъволарнинг аксарияти суд томонидан Эрдўған фойдасига қаноатлантирилган, аммо унинг талабларини қондиришдан бош тортган ёки мухолифат фойдасига қарор қабул қилган ҳолатлар ҳам йўқ эмас.