Эрдўған Ҳукумати ҳам суриялик қочқинларни мамлакатдан чиқариб юбормоқчи
Олам
−
27 Май 2023
5938Туркия Ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли мамлакатдаги суриялик қочқинлар режа бўйича ватанига қайтарилишини маълум қилди. Бу ҳақда “Anadolu” агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, муҳожирларнинг 553 мингдан ортиғи Суриядаги террорчилардан озод қилинган ҳудудларга жойлашитирилган. Қочқинларнинг қолган қисми учун эса зарурий инфратузилма тайёрланмоқда.
"Бу масала сайловдан олдин бизнинг кун тартибимизда бор эди. У ҳозир ҳам мавжуд. Муҳожирларнинг бир қисми террорчилардан озод қилинган ҳудудларга юборилган, бошқаларнинг ватанига қайтиши учун инфратузилма тайёрланмоқда. 240 минг уй қурилиши тугагандан сўнг 1 миллионга яқин суриялик қочқин у ерга (Сурия шимолига) қайтиб бориши мумкин. Форс кўрфази давлатлари бу жараённи қўллаб-қувватламоқда", деган Чавушўғли.
Унинг айтишича, 10 май куни Россия, Эрон ва Сурия Ташқи ишлар вазирлари билан Москвада учрашиб, Туркия ва Сурия ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, терроризмга қарши кураш ва гуманитар масалаларни муҳокама қилган.
"Бошқача қилиб айтганда, биз сурияликларни қайтариб юборишга аллақачон қарор қилганмиз. Иккинчидан, биз буни ирқчилик жиҳатидан қилмаймиз, улар ҳам инсон эканлигини унутмаймиз", дея қўшимча қилган у.
Маълумот учун, расмий маълумотларга кўра, айни пайтда Туркияда 3,7 миллиондан ортиқ суриялик қочқин бор. Мамлакат қочқинларни қабул қилиш бўйича дунёда етакчи ўринни эгаллайди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия президентлигига ягона мухолиф номзод Камол Қиличдорўғли агар сайловда ғалаба қозонса, мамлакатдан барча қочқинларни чиқариб юборишини маълум қилганди.
LiveБарчаси