Эпштейн файлларидан Трампга алоқадар кўрсатмалар ўчиб кетди
Олам
−
27 Февраль 2960 2 дақиқа
АҚШ конгрессидаги демократлар вакиллари молиячи Жеффри Эпштейн иши бўйича материалларнинг бир қисми яширилгани ҳақидаги даъволардан сўнг тергов бошлади. Бу ҳақда Вакиллар палатаси аъзоси, Калифорниядан демократ Роберт Гарсиа маълум қилди.
Гарсианинг айтишича, АҚШ Адлия вазирлиги вояга етмаган қизнинг интервьюсини атайлаб яширган бўлиши мумкин. Мазкур интервьюда у АҚШ Президенти Дональд Трампни зўравонликда айблаган. Демократлар назорат қўмитаси Адлия вазирлиги ушбу интервьюни ноқонуний тарзда яширган бўлиши эҳтимоли борлигини билдирган.
Шу билан бирга, Адлия вазирлиги бу айбловларни рад этган. Вазирлик Х ижтимоий тармоғида эълон қилган баёнотида “Ҳеч нарса ўчирилмаганини” таъкидлаган. Уларнинг изоҳ беришича, жабрланувчиларнинг шахсий маълумотларини таҳрирлаш учун ҳужжатлар вақтинча ёпиқ кўриб чиқилиши мумкин, бироқ кейин яна очиқ базага қайтарилади. Барча тегишли материаллар, такрорий нусхалар, махфий маълумотлар ва давом этаётган тергов материалларидан ташқари, тақдим этилган.
Бу баёнот ОАВда Адлия вазирлиги айрим материалларни, жумладан Трамп номи тилга олинган ҳужжатларни ошкор қилмагани ҳақида хабар берганидан кейин янгради.
“Politico” нашрининг ёзишича, Трамп Эпштейнга оид айбловлар билан боғлиқ ҳар қандай ҳуқуқбузарликни инкор этмоқда ва унинг жиноятларга алоқадорлигини тасдиқловчи ишончли далиллар йўқ. Нашр, шунингдек, эълон қилинган кўплаб материаллар тасдиқланмаган ёки зарур контекстсиз эканини қайд этган.
2025 йилнинг 19 декабрь куни АҚШ Адлия вазирлиги Эпштейн иши бўйича федерал терговнинг қолган материалларини эълон қилган. Улар 3 миллиондан ортиқ саҳифа ҳужжатлар, 2 мингдан зиёд видеоёзув ва 180 мингта суратни ўз ичига олади. Ҳужжатларда Трампнинг исми 3 минг мартадан кўпроқ тилга олинган.
Шунингдек, махфийликдан чиқарилган ҳужжатларда 30 йилдан ортиқ вақт аввал Нью-Жерсида 13 ёки 14 ёшли қиз Трамп билан жинсий алоқага мажбурлангани ҳақида тасдиқланмаган маълумот тарқалган. Бу маълумотлар тахминий жабрланувчининг “аниқланмаган дугонаси”дан келиб тушган.
Трамп эса Эпштейн билан тахминан 20 йил аввал алоқани узганини ва унинг жинсий жиноятларидан бехабар бўлганини айтмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Microsoft” компанияси асосчиси Билл Гейтс марҳум молиячи ва жинсий жиноятларда айбланган Жеффри Эпштейн билан алоқалари сабабли Гейтс жамғармаси ходимларидан узр сўраганди.
Live
Барчаси