Эпштейн файлларида пайдо бўлган ўзбекистонлик қиз ким?
Олам
−
06 Февраль 25286 5 дақиқа
АҚШ расмийлари томонидан эълон қилинган молиячи ва жуда йирик жинсий жиноятлар иши марказидаги шахс Жеффри Эпштейн ёзишмаларида проукраина фаоли Г.О. тилга олинади. Чоп этилган ҳужжатларга кўра, у Эпштейн билан яқин (интим) муносабатларда бўлган ва ундан моддий ёрдам олган. Шунингдек, Эпштейн уни айрим дўстлари билан таништиргани, улар ҳам унга моддий ёрдам кўрсатгани қайд этилган.
Г.О. Самарқандда туғилган, Тошкентда таҳсил олган. У 2014 йилда Киевда ўша пайтда Россия билан яқинлашишни танлаган ҳукуматга қарши бошланган “Евромайдон” намойишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида проукраина фаоллар гуруҳи билан бирга митинг ўтказгани ортидан танилган. Кейинчалик у машҳур нашрлардан бири билан ҳамкорлик қилган. Бундан қарийб 10 йил аввал берган интервьюсида у Чилонзор туманида яшаши, Тошкентдаги Вестминстер университети ва Куала-Лумпурдаги Стаффордшир университетида электрон тижорат йўналишида таҳсил олгани, Парижда кинорежиссура курсини тамомлагани, қурилиш компаниясида ҳудудий менежер ва таржимон, шунингдек, инглиз тилидан репетитор бўлиб ишлаши ҳақида айтган.
Қолаверса, у СССР ҳақида ҳам ўз қарашлари билан ўртоқлашган. Қиз интервьюда собиқ иттифоқ билан боғлиқ ҳеч қандай ҳиссий алоқа йўқлигини билдирган.
“Ўзига хос ижтимоий тузум бўлганини биламан: ҳамма жуда меҳнаткаш, жипс, атеист бўлган. Чет эл мусиқасини тинглаш мумкин эмас эди. Ва у ерда “жинсий ҳаёт” йўқ эди. Совет Иттифоқининг сиёсати ҳам, иқтисоди ҳам менга ёқмайди. Бу яхшиликка олиб келмас эди, деб ўйлайман”, деган у.
Ҳозирда Эпштейннинг эълон қилинган мактубларидан маълум бўлишича, унинг асосий мақсади пул топиш ва Ғарбга кетиш бўлган. “Ўзбекистонда катта муаммо бор – ҳамма бу ердан кетишни хоҳлайди”, деб ёзган у 2014 йил 30 августдаги ёзишмаларда.
Ёзишмалар мазмуни Г.О. нинг Эпштейн билан яқин муносабатларда бўлганини кўрсатади. Бундан ташқари, Эпштейн уни ўз дўстлари билан бўладиган айрим “учрашувлар”га тайёрлаган, у бу учрашувларда ташқи кўриниши билан ёқиши керак бўлган.
“Мен сенга ва дўстларингга ёқиш учун бор кучимни сарфлаяпман. Бурунда зирак йўқ, макияж йўқ. Яхши қиз. Ақлли қиз. Ҳа-ҳа”, деб ёзган у 2014 йил 11 декабрда бўладиган учрашувлардан бирига тайёргарлик ҳақида Эпштейнга.
Г.О. ёзишмаларда Эпштейндан пул олганини ҳам тилга олади. Ушбу пулларни унинг ёрдамчиси Валдсон Котринн топширган бўлиб, у Эпштейннинг Париждаги “учрашувлар уйи”ни бошқарган (2014 йил 16 июль ва 2015 йил 5 январь). Эпштейннинг айтишича, берилган суммадаги 500 евро унинг дўстларидан бирига тегишли бўлган.
Г.О. интервьюларида Парижда кинематография бўйича таҳсил олганини айтган. Бироқ, у ерга Эпштейннинг юристи Лесли Грофф юборгани, виза масалаларини ҳал қилишда ёрдам берганини тилга олмаган. Америка журналистларининг таъкидлашича, Грофф Эпштейннинг энг ишончли шахсларидан бири бўлиб, у учун жуда “нозик” масалаларни ҳам ҳал қилган.
Г.О. Эпштейннинг Париждаги машҳур можароли квартираларида ҳам бўлган. 2019 йилда Франция полицияси айнан шу жойларда фоҳишахона ташкил этиш ва вояга етмаганларга қарши жиноятлар бўйича рейд ўтказган.
“Ўзбекистон 24” телеканали журналисти Азиза Қурбонова ҳам ушбу мавзуда баъзи фактларга дуч келгани ҳақида пост жойлади. Унга кўра, афтидан, АҚШ Адлия вазирлиги исм-фамилиялар, манзил ва рақамларни ўчиришни автоматга қўйган, шунинг учун жуда кўп саҳифаларда Эпштейн билан алоқага киришган иккинчи, учинчи шахсларга тегишли шахсий маълумотлар очиқ қолган. Яъни, баъзи жойда беркитилиб, баъзиларида очиқ қолган.
“Мен ўзбек қизининг ниҳоятда ёш, максималист, ўзини қидираётган, ўқишни, дунё кўришни жуда истаётган, ўта кузатувчан ва аҳдидан қайтмайдиган, билимли, лекин ўқишдан четлатилган, “easy money” истамайман деса-да, бундан бошқа чора кўрмаётган қиз образида кўрдим, шу билан бирга унинг ёзишмалари бундан 14-15 йил аввалги ёпиқ Ўзбекистонни ҳам портретини чизиб беради. Наҳотки бу қиз йўқ энди? Қаерда у?”, деб ёзади журналист.
Бир неча кундан бери ўзбек аудиториясидаги асосий саволга айланган бу масала бўйича Қурбонова очиқ маълумотларни қидирган ва қиз ўзи янгилаган ижтимоий тармоқ профили чиқиб келган. У Ўзбекистонда, юқорида айтилганидек яқин йилларда мактабда инглиз тилидан дарс берган, хотиржам, тинч ҳаёт кечиряпти.
“Унинг айнан ўша қизлигини эса профилидаги таҳсил олган курси ва Эпштейн файлларида тўлов қилинган курс номи тўғри келаётганидан аниқладим. Мен хотиржам тортдим. Бир ватандошимиз бутун дунёга педофил, жинсий зўравон номи билан машҳур бўлган Эпштейннинг оролларида йўқолиб кетмаган”, дейди журналист.
Эпштейн 2019 йил август ойида номаълум сабабларга кўра вафот этган. АҚШ ва Европа мамлакатларидаги терговлар уни Ғарбнинг нуфузли сиёсатчилари учун яширин жинсий хизматлар тармоғини ташкил этган шахс деб ҳисоблайди. Унинг алоқалари орасида АҚШнинг собиқ президентлари Билл Клинтон ва кичк Жорж Буш, амалдаги Президент Дональд Трамп ҳам бўлган.
Эпштейн манфаатдор мижозларга вояга етмаган қизлар ва ўғил болаларни, шунингдек, тақиқланган моддаларни тақдим этгани билан танилган. Унинг жиноий фаолиятидаги айрим эпизодлар қотилликлар билан ҳам боғлиқ бўлиши мумкин.
Live
Барчаси