Энг узун соқолли аёл Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди (фото)
Бу қизиқ
−
12 Август 2023
23301Дунё аёллари ичида энг узун соқолга эга бўлган америкалик Эрин Хоникатт Гиннеснинг рекордлар китобига киритилди. Бу ҳақда ташкилотнинг расмий саҳифасида маълум қилинди.
Қайд этилишича, Мичиган штатида яшовчи аёл кунига уч марта соқол олишга мажбур бўлган, аммо кейинчалик бу ишни тўхтатганидан сўнг дунёдаги энг узун соқолли аёлга айланган. Гап шундаки, 38 ёшли Хоникатт поликистик тухумдон синдромига чалингани сабабли ғайритабиий узун соқолга эга.
Хоникатт 13 ёшидан бошлаб соқолини қириб ташлаш, мум ёрдамида таг-томири билан юлиш, махсус тиббий воситалардан фойдаланиш орқали унинг ўсишига қарши курашган, аммо фойдаси бўлмаган.
“Мен кунига камида уч марта соқолимни олардим”, дейди у.
Кейинроқ Хоникатт ўзининг соқол олишдан чарчаганини ҳис қилган ва турмуш ўртоғининг таклифи билан соқолини ўстира бошлаган.
У 2023 йилнинг 8 февралида 30 сантиметр соқол билан америкалик бошқа бир аёл, 75 ёшли Вивиан Уилернинг рекордини (25,5 сантиметр) янгилаган.
Поликистик тухумдон синдроми Хоникаттнинг соғлиғидаги ягона муаммо эмас. Гап шундаки, у аввалроқ оёғидаги жароҳатини даволатиш учун шифохонага ётган вақтида бактериал инфекцияни юқтириб олган ва оқибатда сепсис ва гангрена ортидан бир оёғидан айрилган. Кейинроқ қон босимининг юқорилиги сабабли инсультга чалиниб, кўриш қобилиятини ҳам йўқотган.
Хоникаттнинг сўзларига кўра, у ўзининг оғир тиббий муаммолари ҳақидаги салбий фикрларини бутунлай унутган, чунки у бундай синовлар қаршисида ҳаётга нисбатан ижобий қарашларини сақлаб қолган.
“Шифокорлар менга яхши нарсаларни ўйласам, 3 фоиз тезроқ соғайишимни айтишган”, дейди у.
Шунга қарамай, у ўзи уяладиган нуқсон билан рекордлар китобига киргани қувонарли ҳолат эканини таъкидлайди.
“Мен ҳеч қачон рекордлар китобига киришимга сабаб бўладиган бирор натижага эришаман деб ўйламагандим. Ва бунинг эътироф этилиши жуда ёқимли”, дейди Хоникатт.
LiveБарчаси