Энг даҳшатли жиноят суди бошланди. “QURAMAX” раҳбарига уй қамоғи сўралди
Жамият
−
11 Август 2023
11985Ўзбекистонда “Док-1 Макс” дори воситасидан жами 65 нафар бола вафот этган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов кеча, 10 август куни хабар берди.
Тасдиқланган айблов хулосасига кўра содир этилган жиноятларда умумий ҳисобда 21 киши айбланмоқда. Уларга оид жиноят иши эса бугун, 11 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судья Муса Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилди.
Судланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Соат 10:00га белгиланган, аммо 2 соатдан кейин, яъни 12:00да бошланган суд мажлисида айбланувчиларнинг барчаси, жабрланувчиларнинг эса атиги икки нафари иштирок этди. Унда судланувчилар айбланаётган моддалар ўқиб эшиттирилди.
Улар Жиноят кодексининг қуйидаги моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда:
1. 184-модда – солиқлар ёки йиғимларни тўлашдан бўйин товлаш;
2. 28-модда – жиноят иштирокчиларининг турлари;
3. 186-3-модда – сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш, шунингдек, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлган дори воситаларини рецепт бўйича чакана реализация қилиш тартибини бузиш;
4. 25-модда – жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш;
5. 205-модда – ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш;
6. 207-модда – мансабга совуққонлик билан қараш;
7. 209-модда – мансаб сохтакорлиги;
8. 210-модда –пора олиш;
9. 211-модда – пора бериш;
10. 212-модда – пора олиш-беришда воситачилик қилиш;
11. 228-модда – ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш.
Адвокати мавжуд бўлмаган судланувчиларга эса давлат томонидан адвокатлар бириктирилди.
Судда айбланувчи “Quramax Medikal” МЧЖ директори, Ҳиндистон Республикаси фуқароси С.Р.П.нинг адвокати Даврон Аҳматов ўз ҳимоясидаги шахснинг диний эътиқоди, соғлиғи ва вегетарианлиги, гўшт емаслигини инобатга олиб унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини, уй қамоғи ёки бошқа енгилроқ турдаги жазога ўзгартиришни айтиб, судга илтимоснома киритди.
Залда ўтирган бошқа адвокатлар эса уни қўллаб-қувватлади ёки қандай қарор қабул қилишни судга ҳавола қилди.
Адвокат Аҳматовнинг бу илтимосига фақатгина икки жабрланувчи қарши чиқди.
“Ахир энг асосий айбланувчи шу-ку? Қандай қилиб озодликка чиқади? Менинг эътирозим бор”, деди жабрланувчи болалардан бирининг отаси Феруз Нурадинов.
Судья эса адвокатнинг айбланувчи Ҳиндистон фуқароси С.Р.П.га енгилроқ эҳтиёт чораси бериш ҳақидаги илтимосномасини рад этди.
Жамоатчилик шу пайтгача “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб Ўзбекистонда 20 нафар бола вафот этган, деган фикрда эди. Кеча, 10 августда эълон қилинган рақамлар эса ундан анча кўп 65 нафар. Бугунги суд мажлисига келган атиги икки нафар жабрланувчи эса вафот этган болалар сони 65 нафардан ҳам кўп бўлиши мумкинлигини айтмоқда.
“Менимча, вафот этган болалар, жабрланувчилар кўрсатилган рақамлардан кўпроқ. Ногирон бўлиб қолган болалар қанча”, деди Феруз Нурадинов.
Бошқа бир ота-она эса айнан шу дори сабаб кунда-кунора болалар вафот этганининг гувоҳи бўлганини билдирди.
“Биз 5 ой давомида шифохонада эдик. Шу дори сабаб кунда-кунора ўлим ҳолатлари кузатилган пайтлар ҳам бўлди”, деди у.
Энг ёмони эса шу пайтга қадар жабрланувчиларга дори-дармон бўйича на вазирлик, на Дори воситаларини стандартлаштириш маркази ва “QURAMAX”нинг ҳиндистонлик директори, на бошқа айбланувчилар ёрдам таклифи билан чиққан.
“Биз ордер қилдирганмиз. Операция ва даволаш харажатлари бепул. Аммо дори-дармонлар масаласида ҳеч ким ёрдам бергани йўқ. Соғлиқни сақлаш вазирлиги, “QURAMAX” компаниясига ҳам алоқага чиқдик. Лекин ҳеч ким ҳеч қандай ёрдам бермади”, демоқда жабрланувчининг отаси.
Фарзандлари “Док-1 Макс” дори воситаси сабаб ногирон бўлиб қолган икки ота, бугун суддан энг олий жазони сўрамоқда. Улардан адолатни кутмоқда.
“Мен суддан энг адолатли жазони кутяпман. Жазо энг қатъий бўлиши керак”, деди Ҳасанов.
Бошқа бир боланинг отаси эса суддан одилона қарор қабул қилишини кутаётгани, барчаси уларнинг виждонига ҳавола эканини айтмоқда.
Суд эса 16 августга қадар танаффус эълон қилди.
LiveБарчаси