Энергия тежамкор ва замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчиларга имтиёзлар берилади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Энергия тежамкор ва замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалар муҳокамаси порталига жойлаштирилди

Мазкур қарорга мувофиқ, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда уч ой муддатда ҳудудларда фаолият юритаётган барча қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарини тўлиқ хатловдан ўтказиб, энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқариш қувватлари тўғрисидаги маълумотлар базасини шакллантириши лозим. 

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2019 йилнинг 1 июлгача бўлган муддатда энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқарувчи корхоналарга, шаҳарсозликда объектларни лойиҳалаш ва қуриш давомида уларни қўллашда рационализаторлик ишлари учун лойиҳа ташкилотларига, буюртмачи вазифасини бажарувчи инжиниринг компанияларига ҳамда қурилиш-пудрат ташкилотларига имтиёзлар ва преференцияларни қўллаш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди. 

Қарор лойиҳасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Молия вазирлиги, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси томонидан манфаатдор идоралар ва корхоналар билан биргаликда уч ой муддатда ҳудудлар кесимида қурилиш материаллари ҳом ашё заҳиралари ҳамда бозор талабларидан келиб чиққан ҳолда, 2019-2021 йилларда республикада энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва экспортга йўналтирилган қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини ишлаб чиқарувчи янги қувватларни яратиш дастури ишлаб чиқилиб, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига  тасдиқлаш учун киритилиши белгиланган. 

Ўзбекистон Республикаси уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги ҳузуридаги Автомобиль йўллари қўмитаси ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси билан биргаликда  намунавий лойиҳалар асосидаги уй-жойлар, йўллар ҳамда ичимлик суви тармоқларини тегишли лойиҳа ташкилотлари томонидан лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқишда:

анъанавий қурилиш материаллари (пишган ғишт, металл арматура, металл трубалар, металл черепица, цемент-қумли сувоқ ва бошқалар) ўрнига энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи ва янги турдаги маҳаллий қурилиш материалларини (полистиролбетон, газбетон, кўпикбетон, кўпиккаучуклар, композит арматуралар, гипскартонлар, ғўзапоя ва қамиш асосидаги плиталар, қуруқ қурилиш қоришмалари, шиша толали композит трубалар, вермикулит ва ўзга ғовак тўлдиргичлар ва бошқалар) қўллаш юзасидан ташкилий ишларни амалга оширадилар. 

Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ва “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмасининг таклифларига биноан қурилиш соҳасидаги янги турдаги қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари, машина ва механизмлари ва қурилиш ишлари технологияларини инобатга олган ҳолда, амалдаги миллий қурилиш нормаларини қайта кўриб чиқиш, қурилишга оид хорижий норматив-техник ҳужжатларни мослаштириш борасида тадқиқот ишларини олиб бориш ҳамда лаборатория синовларини ўтказиш бўйича Илмий тадқиқот муассасаси ташкил этилади. 

Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси, “Ўзсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда, уч ой муддатда қурилиш материаллари, буюмлари, конструкциялари ва ускуналарини кластер усулида ишлаб чиқаришни жорий этиш бўйича таклифларни ишлаб чиқадилар. 

Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги энергия тежамкор, импорт ўрнини босувчи янги турдаги қурилиш материаллари ва ускуналарини ишлаб чиқариш соҳасидаги инновацион ғоялар, ишланмалар ва технологияларни тарғиб қилиш ва улардан амалий фойдаланишнинг механизмларини шакллантиришга қаратилган устувор муаммоларни илмий-техник давлат дастури доирасида эълон қилади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Президент қарори Қурилиш моллари

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг