Энергетика вазири иқтисодчи Отабек Бакиров устидан прокуратурага шикоят қилди
Жамият
−
13 Декабрь
14298Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан Сағбон подстанциясига оид 2023 йилда ёзилган пост бўйича прокуратура ва ИИВга шикоят аризаси киритган. Бу ҳақда иқтисодчининг ўзи Telegram-каналида маълум қилди.
Энергетика вазири ушбу пост мундарижасида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатлари мавжуд, деб ҳисоблаб, бу бўйича Бакировга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилишини сўраган.
“Қизиқ тарафи, қачондир ҳайкал қўйиладиган Сағбон подстанцияси билан боғлиқ сурункали муаммо ёритилган пост 2023 йил 5 июнда ёки 1 йилу 7 ой аввал ёзилган. Мирзамаҳмудов органларга шикоят аризасини 2024 йил 10 октябрда, яъни бир йилу 4 ой ўтиб тақдим этмоқда. Унданам қизиғи, вазир Мирзамаҳмудов аризасини “Лолазор” подкасти меҳмони бўлгач, 6 кун ўтиб қолдирган”, деб ёзади иқтисодчи.
Бакировга кўра, у подкастнинг биринчи сонидан кейин энергетикларнинг таклифи билан тинимсиз таъмирланаётган Сағбон подстанциясига ҳам борган ва кичик репортаж уюштирган. Ўшандан кейин Тошкент тумани Сағбондан узилган ва электр энергиясини бошқа тумандаги подстанциялардан олмоқда.
“Шикоят аризаси фуқаро Мирзамаҳмудов тарафидан эмас, вазир Мирзамаҳмудов томонидан киритилган. Ариза ҳозирда пойтахт ИИБ Киберхавфсизлик бўлинмаси томонидан ўрганилмоқда”, деб ёзади Бакиров.
QALAMPIR.UZ ҳолат юзасидан изоҳ олиш мақсадида Энергетика вазирлиги билан боғланишга ҳаракат қилди, бироқ вазирлик матбуот хизмати ҳозирда изоҳ бера олмаслигини билдирди.
LiveБарчаси