Энергетик ичимлик истеъмол қилган мактаб ўқувчиси юраги тўхтаб вафот этди
Олам
−
30 Август 2023
16679Қримда 8-синф ўқувчиси энергетик ичимлик ичганидан кейин юраги тўхтаб қолди. Бу ҳақда SHOT Telegram-каналида хабар берилди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 19 август куни Нижнегорск посёлкасида 14 ёшли ўсмир энергетик ичимлик истеъмол қилганидан сўнг ўзини ёмон ҳис қила бошлаган. Шундан кейин у шифохонага ётқизилган ва у ерда комага тушиб қолган. Шифокорлар унга номаълум модда билан заҳарланиш ташхисини қўйган. Ўша куни кечга яқин у ҳушига келган.
Манбага кўра, 21 август куни боланинг аҳволи яхшилана бошлаган ва жонлантириш бўлимидан палатага кўчирилган. Бемор шифокорларга бош оғриғи ва заифликдан шикоят қилган. Текширув натижалари боланинг ошқозон ости бези ва жигарида салбий ўзгаришлар борлиги ҳамда у жиддий оқибатларга олиб келаётганини, қалқонсимон гормонлар даражаси ошиб кетаётганини кўрсатган.
Бола шифохонада тахминан бир ҳафта давомида шифокорлар кўригида бўлган. 28 август куни юраги хуруж қилиб қолган ва бир вақтнинг ўзида ҳушини йўқотган. Шифокорлар 8-синф ўқувчисини жонлантириш бўлимига олиб боришга қарор қилган, бироқ кўп ўтмай боланинг жони узилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Алборз вилоятида алкоголдан 171 нафар одам заҳарланиб, вафот этган эди. Тергов маълумотларига кўра, маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ифлосланган техник спиртни ноқонуний равишда ишлатган.