Эндиликда йўллардаги автомобилларнинг вазни ва ҳажмини хусусий сектор назорат қилади
Жамият
−
02 Ноябрь
3041Автотранспортларнинг вазни ва ҳажми устидан назорат хусусий секторга ўтказилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 28 октябрь куни қабул қилинган “Автомобиль йўллари бўйлаб катта ҳажмли ва оғир вазнли автотранспорт воситаларининг ҳаракатланиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра:
-
автомобиль йўлларида вазн ва ҳажм параметрлари назорати бўйича замонавий ўлчов воситалари билан жиҳозланган стационар ва кўчма шохобчалар (ўлчов-назорат шохобчалари) ўрнатилади ва улардан фойдаланиш учун хусусий сектор жалб қилинади;
-
шохобчалар онлайн аукцион орқали тадбиркорлик субъектларига 20 йил муддатга ижара асосида ва бошқа шахсларга ўтказиш ҳуқуқи билан берилади.
Қарор билан автомобиль йўлларида оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни тадбиркорлик субъектлари томонидан ташкил этиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.
Электрон онлайн-аукцион савдоларига қўйиш учун ўлчов-назорат шохобчалари ўрнатиладиган жойларнинг минимал қиймати (бошланғич нархи):
-
халқаро аҳамиятдаги автомобиль йўлларида – БҲМнинг 50 баравари;
-
давлат аҳамиятидаги автомобиль йўлларида – БҲМнинг 40 баравари;
-
маҳаллий аҳамиятдаги автомобиль йўлларида – БҲМнинг 30 баравари миқдорида белгиланади.
Дастлабки икки йил давомида мазкур шохобчалар орқали қайд этилган ҳуқуқбузарликлар учун жарималар суммасидан тушган маблағларнинг 40 фоиз тадбиркорлик субъектлари ҳисобига йўналтирилади. Кейинчалик ушбу сумма 30 фоизни ташкил этади.
Қарор жорий йилнинг 31 октябрь кунидан кучга кирган.