Энди ЕИ чақирув ёшидаги украиналикларга бошпана бермайди
Олам
−
05 август 713 2 дақиқа
Жорий йилнинг 31 июлидан бошлаб Европа Иттифоқи (ЕИ) мамлакатларига кириб борган чақирув ёшидаги Украина фуқаролари вақтинчалик ҳимоя сўраб мурожаат қилганда ҳарбий мажбуриятларни бажарганини ҳужжат билан тасдиқлашлари керак бўлади. Бу ҳақда ЕИнинг расмий журналида эълон қилинган Европа Иттифоқи Кенгаши қарорида айтилади.
ЕИ Кенгашига кўра, бошпана бериш талабларининг ўзгариши Украинанинг ўзгариб бораётган мудофаа эҳтиёжларини ҳисобга олиш зарурати билан боғлиқ.
“Ушбу эҳтиёжлар вақтинчалик ҳимоя орқали Украинадан кўчирилган шахсларга тўлиқ ёрдам кўрсатишда Европа Иттифоқи ва аъзо давлатлар томонидан тўлиқ ҳисобга олиниши керак”, дейилади ҳужжатда.
Қарордан кўринишича, ҳарбий мажбуриятлар бажарилганини Украина ҳудудидан қонуний чиқиб кетганлик ҳақидаги штамп ёки хизматдан озод қилинганини ёки тегишли мажбуриятлар бажарилганини тасдиқловчи расмий ҳужжат (қоғоз ёки электрон шаклда) орқали тасдиқлаш мумкин.
Қарорга кўра, ҳужжатли тасдиқсиз ушбу тоифадаги украиналикларга вақтинчалик ҳимоя берилмайди. Шу билан бирга, янги қоидалар орқага қайтиш кучи билан – 31 июлдан бошлаб қўлланилади, гарчи ҳужжатнинг ўзи 4 августда эълон қилинган бўлса-да.
30 июлгача ЕИ мамлакатларидан бирида вақтинчалик ҳимоя олиб бўлган Украина фуқаролари тасдиқловчи ҳужжатларсиз ўз мақомларини сақлаб қолади.
Бундан ташқари, ЕИ Кенгаши қарорига кўра, украиналик қочқинлар учун вақтинчалик ҳимоя режими яна бир йилга – 2028 йил 4 мартгача узайтирилди.
Вақтинчалик ҳимоя механизми илк бор Европа Иттифоқи томонидан 2022 йил мартида Украина низоси бошланганидан кейин жорий этилган эди. Украина фуқароларига бошпана олишнинг стандарт процедурасисиз яшаш, ишга жойлашиш, таълим олиш, шунингдек, ижтимоий ёрдам олиш ҳуқуқи берилади.
Қайд этиш жоиз, Киев режими Украина Қуролли кучларида шахсий таркиб етишмовчилигига дуч келмоқда. Чақирувга мажбур бўлган эркаклар тўғридан тўғри кўчаларда ушланмоқда, мажбурий ушлаб қолишлар мунтазам равишда жанжал ва норозиликларга олиб келмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россиянинг камида 24 ҳудудидаги 70 дан ортиқ таълим муассасасида талабаларни Украинадаги урушга жалб қилиш ишлари олиб борилаётгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси