Энди Ўзбекистон резидентлари АҚШда корхона ташкил қила олади
Жамият
−
12 Ноябрь 2025 6752 2 дақиқа
Ўзбекистон резидентлари Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларидан маблағларни АҚШда корхоналар ташкил этиш, уларнинг капиталида иштирок этиш ёки филиалларини маблағ билан тўлдириш учун эркин ўтказишлари мумкин бўлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева маълум қилди.
Унинг билдиришича, бугун, 12 ноябрь куни Юта штатининг (АҚШ) Дэвид Беднар бошчилигидаги бизнес делегацияси билан мазмунли учрашув ўтказилиб, Ўзбекистон – АҚШ муносабатлари ривожида янги босқич бошлангани мамнуният билан қайд этилган.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг АҚШ фуқаролари учун визасиз тартиб жорий этиш тўғрисидаги қарори ишбилармонлик ва гуманитар алоқаларни кенгайтиришда муҳим қадам бўлиши таъкидланди”, дейилади хабарда.
Эндиликда Президент фармони билан Америка – Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиб, уни мувофиқлаштириш мақсадида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси тузилмасида маслаҳатчи-элчи лавозими жорий этилмоқда. Шунингдек, ушбу фармон асосида Ўзбекистон резидентлари Ўзбекистон банкларидаги ҳисобварақларидан маблағларни АҚШда корхоналар ташкил этиш, уларнинг капиталида иштирок этиш ёки филиалларини маблағ билан тўлдириш учун эркин ўтказишлари мумкин бўлади.
“Бу тадбиркорларимизнинг ташқи иқтисодий фаоллигини ривожлантириш, АҚШ билан инвестициявий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ўзбекистоннинг очиқ, замонавий иқтисодиёт сифатидаги янги имижини шакллантириш йўлидаги муҳим қадамдир”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Америка Қўшма Штатлари Юта штатининг Исо Масиҳ Охирги замон авлиёлари черкови оқсоқоли Дэвид Беднар ва Stirling халқаро хайрия фонди раиси Майлс Хансендан иборат ишбилармонлар делегациясини қабул қилганди.
Жорий йилнинг 6 ноябрь куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Вашингтонда АҚШ Президенти Дональд Трамп билан учрашган ва Марказий Осиё мамлакатлари Президентлари билан бирга C5+1 форматидаги саммитда қатнашганди.
Кейинроқ, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясининг АҚШдаги вакили лавозими жорий этилиши белгиланди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида ўзаро манфаатли савдо-инвестициявий ва тижорат алоқаларини янада кенгайтириш ва мустаҳкамлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатдан яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ушбу йўналишда ишларни самарали ташкил этиш мақсадида Америка-Ўзбекистон ишбилармонлик ва инвестиция кенгаши ташкил этилиши маълум қилинди.
Live
Барчаси