Энди тадбиркорларга янги талаб қўйишдан олдин уларнинг фикри сўралади
Жамият
−
14:34 1048 2 дақиқа
Жорий йилнинг 8 август куни Олий Мажлис Сенатининг 18-ялпи мажлисида Сенат тадбиркорларга янги мажбурият ёки чеклов қўйишда уларнинг фикрини ҳисобга олиш ҳамда бизнесни субсидия ва давлат грантлари орқали қўллаб-қувватлашни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини мустаҳкамлашга ҳамда тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни маъқуллади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат билан “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга тадбиркорларнинг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқишда иштирок этиши кафолатларини белгилашга оид янги норма киритилмоқда.
Хусусан, тадбиркорлик субъектлари зиммасига янги мажбурият, талаб, тақиқ, жавобгарлик ёки бошқа чекловлар юклатилишини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳисоботи бевосита тадбиркорлик субъектларининг ҳамда улар бирлашмаларининг иштирокида муҳокама қилиниши белгиланмоқда.
Бундан ташқари, яшил технологиялар, туризм, таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий тадбиркорлик ва муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш учун субсидиялар бериш, иқтисодий ва ижтимоий аҳамиятга молик ҳамда инновацион лойиҳаларни давлат грантлари асосида молиялаштиришнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланмоқда.
Сенаторларнинг фикрича, мазкур ҳуқуқий ҳужжат тадбиркорлик муҳитини янада яхшилаш, тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатларини янада кенгайтириш ҳамда тадбиркорларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Билдирилишича, муҳокама якунида сенаторлар қонунни маъқуллаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис Сенатининг мазкур ялпи мажлисида 30 йилдан ортиқ хизмат қилган ҳарбий хизматчиларнинг пенсиясини ҳисоблашнинг энг юқори миқдорини 75 фоиздан 100 фоизга оширишни назарда тутувчи “Ҳарбий хизматчиларнинг (ходимларнинг) ва улар оила аъзоларининг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги қонун маъқулланганди.
Live
Барчаси