Энди солиқдан қарзи борлар ҳам “свет”дан узилиши мумкин
Жамият
−
29 Ноябрь 2025 7847 2 дақиқа
Ўзбекистонда 1 миллион сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланишни жорий этилади. Бу ҳақда Президентнинг кеча, 28 ноябрь куни қабул қилинган “Солиқларнинг йиғилувчанлик даражасини ошириш ва фаол солиқ тўловчиларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қайд этилишича, Солиқ қўмитаси ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2026 йил 1 январдан бошлаб Наманган вилоятида янги солиқ бошқаруви моделини жорий этиш бўйича эксперимент ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Унга кўра, жисмоний шахслардан олинадиган мол-мулк ва (ёки) ер солиғи бўйича умумий суммаси 1 миллион сўмдан ошган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизмидан фойдаланишни жорий этилади. Шунингдек, солиқ органлари фаолиятини баҳолашда инсон омили таъсирисиз автоматик шаклланадиган энг муҳим самарадорлик кўрсаткичларини жорий этишни тизимли давом эттирилади.
Солиқ қўмитаси 2026 йил 1 октябрга қадар эксперимент натижалари асосида уни бошқа ҳудудларда жорий этиш бўйича таклифларни Вазирлар Маҳкамасига киритади.
Бундан ташқари, эндиликда жисмоний шахсларнинг солиқ қарзи тўғрисидаги маълумотлари тижорат банклари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловалари фойдаланувчиларига илованинг асосий саҳифасида кўриниб туради. Бунда Марказий банк Солиқ қўмитасига амалий ёрдам кўрсатади.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш бошланган.
Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Live
Барчаси