Энди солиқдан қарзи борлар ҳам электрга пул тўлолмайди (видео)
Жамият
−
16:41 4749 2 дақиқа
Ўзбекистонда жисмоний шахслардан олинадиган ер ва мол-мулк солиғи бўйича умумий суммаси 1 миллион сўмдан ошадиган солиқ қарздорлигини ундиришда электр энергиясининг биллинг тизими механизми жорий этилмоқда. Бу ҳақда Солиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, шу муносабат билан “Солиқ биллинг” автоматлаштирилган ахборот тизими ишлаб чиқилган ҳамда жорий йил 16 апрелдан бошлаб Наманган вилоятида эксперимент тариқасида амалиётга тадбиқ этилади.
Тизим қандай ишлайди?
Агар жисмоний шахснинг солиқ қарздорлиги 1 миллион сўмдан ошса, аввало фуқаро бир неча босқичда огоҳлантирилади. Дастлаб фуқарога солиқ ҳисобланганлиги ҳақида хабарнома, шундан сўнг SMS орқали эслатма, агар фуқарода “Солиқ” мобил иловаси мавжуд бўлса, хабарнома юборилади. Бундан ташқари my.gov.uz орқали ҳам фуқаронинг шахсий кабинетига хабар юборилиши мумкин.
Шундан кейин солиқ органи томонидан электр тўловига чеклов киритилиши мумкинлиги тўғрисида SMS-хабарнома юборилади. Юборилган SMS’даги ҳавола орқали солиқ қарздорлиги қачон шаклланганлиги ва огоҳлантириш қайси босқичда эканлигини кузатиб бориш мумкин.
Барча огоҳлантиришларга қарамай солиқ қарздорлиги бартараф этилмаса, фуқаронинг электрга тўлов қилиш имкониятига вақтинчалик чеклов киритилади. Қарздорлик бартараф этилса, чеклов онлайн тартибда дарҳол бекор қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2025 йилнинг 1 августидан бошлаб Ўзбекистонда чиқиндидан қарздор истеъмолчиларнинг электр энергияси учун тўлов қилиш имкониятини чеклаш бошланган.
Унга кўра, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Сўнгра чиқинди хизматларидан қарздор абонентларга ҳар ойнинг 5-санасигача “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “2100” қисқа рақами орқали SMS хабарнома юборилади. Абонентларга ушбу огоҳлантириш юборилганидан кейин 5 кун қарздорликни бартараф этиш учун қўшимча муддат берилади. Мавжуд қарздорлик ушбу муддат ичида тўланиши лозим. Белгиланган муддатда қарздорлик бартараф этилмаса, электр энергияси учун тўлов қилиш имконияти вақтинчалик чекланади. Мазкур чеклов қарздорлик бартараф этилиши билан автоматик тарзда ечилади.
Live
Барчаси