Энди Россияга кетаётган мигрантлар касб-ҳунарга ўқитилади, муваффақиятли битирувчиларга Skills паспорти берилади
Жамият
−
11 Август 2020
8726Ўзбекистонда Россия Федерациясида фаолият юритаётган меҳнат мигрантларини ўқитиш бўйича чоралар белгиланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган “Камбағал ва ишсиз аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш, уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш ва касб-ҳунарга ўқитишга қаратилган ҳамда аҳоли бандлигини таъминлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорда айтилган.
Ушбу қарордан асосий мақсад – камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитишнинг янги тизимини жорий қилиш, уларни касб-ҳунарга ўқитишда хусусий сектор билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш жараёнларини ташкил этиш, эҳтиёжманд аҳоли ва ногиронлар иш билан бандлигини таъминлашга оид қўшимча чораларни амалга ошириш ҳисобланади.
Ушбу қарор билан камбағал ва ишсиз аҳолини касб-ҳунарга ўргатиш ҳамда уларнинг меҳнат фаоллигини ошириш бўйича республика ишчи гуруҳи таркиби, аҳоли бандлигини таъминлаш ва ишчи кучининг рақобатбардошлигини ошириш дастури тасдиқланди.
Шунингдек, камбағал ва ишсиз фуқароларни касб-ҳунарга ўқитиш тизимини жорий этиш учун зарур бўладиган молиявий харажатлар ажратилди ҳамда уларнинг манбалари, йўналишлари ва кўламлари белгиланди.
Қарорда кўзда тутилган камбағал ва ишсизларни касб-ҳунарга ва тадбиркорликка ўқитиш тизими Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларда “Ишга марҳамат” мономарказларини, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тизимидаги касб-ҳунарга ўқитиш марказларини, Тошкент шаҳри туманларида қисқа муддатли касб-ҳунарга ўқитиш курсларини, маҳалла аҳолисини касб-ҳунарга ўқитиш масканларини, нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ўз ичига олади.
Ҳужжат орқали аҳолини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга, тадбиркорлик асослари ва хорижий тилларга ўқитишга, нодавлат сектори имкониятларидан кенг фойдаланиш учун давлат ёрдамини бериш механизми жорий қилинади.
Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларини ташкил этиш учун Вазирликнинг “Ишга марҳамат” мономарказлари ва касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларининг бинолари, маҳаллий ҳокимият ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тавсиясига кўра бошқа бўш турган бинолар ёки уларнинг бир қисми оператив бошқарувга ёки узоқ муддатли имтиёзли ижарага берилади.
Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларига ўқув дастурлари ва ўқитувчиларни мустақил танлаш ҳуқуқи берилади; касб-ҳунарга ўқитиш марказлари бинолари бир қисми берилган тақдирда – мазкур марказларнинг ўқув жиҳозлари ва анжомларидан имтиёзли фойдаланиш имкони яратилади.
Нодавлат касб-ҳунарга ўқитиш муассасаларида Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан ўқитиш, бунда давлат буюртмасининг кафолатланган энг кам даражаси дан фойдаланиш белгиланган.
Қарорга мувофиқ “Ишга марҳамат” мономарказлари ҳамда касб-ҳунарга ўқитиш марказлари битирувчиларининг касбий малакасини халқаро WorldSkills стандартлари асосида баҳолаш, шунингдек баҳолашдан муваффақиятли ўтган битирувчиларга мамлакатимизда ва хорижий давлатларда тан олинадиган Skills паспорти берилади. Таъкидлаш жоизки, мономарказлар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказлари томонидан битирувчиларга берилган ўқишни тамомлаганликни тасдиқловчи ҳужжат ҳамда Skills паспорти ўрта махсус, касб-ҳунар таълими дипломи даражасига тенглаштирилади.
Ушбу лойиҳалар ижросини таъминлаш учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармасига Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 2020 йил учун ажратиладиган маблағларга қўшимча равишда 150 миллиард сўм маблағ ажратилади.
LiveБарчаси