Энди Россияга борган мигрантлар янги телефон сотиб олишга мажбур бўладими?
Олам
−
17 июл 3305 2 дақиқа
Россия Ички ишлар вазири ўринбосари Игорь Зубов меҳнат мигрантлари ва мамлакатга узоқ муддатга борадиган чет элликлар учун янги назорат тизимини жорий этишни таклиф қилди ва Россияга кирувчи мигрантлар энди мажбурий тарзда уяли телефон сотиб олиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у Россия Федерацияси кенгашининг халқаро ишлар қўмитаси йиғилишида маълум қилди.
“Ҳаммани келажак қизиқтиради, биз қаерга кетаётганимизни билгиси келади. Бу ерга келиб рўйхатдан ўтадиган ҳар бир мигрант, айниқса меҳнат мигранти ёки узоқ муддатга келувчи шахс телефон сотиб олиши шарт бўлади. Бу телефонда унинг электрон профили жойлаштирилади. Биз ҳар бир мигрантнинг қаердалигини билиб турамиз. У бир аҳоли пунктидан бошқасига назоратсиз кўча олмайди, яшаш жойини ҳам ўзбошимчалик билан ўзгартира олмайди. Бу тизимнинг асоси шу бўлади”, деган Игорь Зубов.
Бироқ бу хабарлар ҳали расмий тасдиққа эга эмас ва ҳақиқатга тўла моч келмайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Омонулла Файзиев QALAMPIR.UZ’га маълум қилди.
Унинг билдиришича, ҳозирги вақтда ушбу масалага оид қонун лойиҳаси муҳокама босқичида бўлиб, у ҳали қабул қилинмаган.
Шунингдек, қонун лойиҳасида назарда тутилган нормалар барча чет эл фуқароларига эмас, балки мобиль қурилмага эга бўлмаган ёки “Амина” иловасини ўрнатиш ва ундан фойдаланишни техник жиҳатдан қўллаб-қувватламайдиган мобиль қурилмалардан фойдаланувчи шахсларга нисбатан татбиқ этилиши кўзда тутилган.
“Шу боис, барча фуқаролар мажбурий тарзда махсус мобиль телефон сотиб олиши шартлиги ҳақидаги талқинлар нотўғри эканлигини маълум қиламиз”, дейилади изоҳда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Давлат думаси меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига қўйиладиган талабларни кучайтирувчи қонунни иккинчи ва учинчи ўқишда қабул қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси