Энди Россияда кам пул топадиганларнинг патенти бекор қилинади
Олам
−
13:04 253 3 дақиқа
Россия Ички ишлар вазирлиги (ИИВ) 2027 йилдан бошлаб меҳнат мигрантларининг даромади минтақавий белгиланган чегарадан паст бўлса, патентларни бекор қилади. Бу ҳақда ИИВ миграция хизматига таяниб, “The Insider” хабар берди.
Қайд этилишича, текширув вақтида ходимнинг ўзи ва Россияда унинг қарамоғида бўлган ҳар бир вояга етмаган бола ҳисобга олинади. Икки нафар фарзандини ёлғиз ўзи таъминлайдиган ишчи учун ушбу чегара Вологда вилоятида ойига 61,3 минг рублни, Самара вилоятида эса 85,6 минг рублни ташкил этади. Карелия учун 2025 йилдаги ўртача иш ҳақи маълумотлари бўйича ҳисоб-китоблар 247,3 минг рублни кўрсатмоқда.
ИИВ миграция хизматининг маълум қилишича, иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларнинг мавжуд эмаслиги ҳам патентни бекор қилиш учун яна бир асос бўлади. Солиқ хизмати октябрь ойидан буён ИИВга хорижий ишчиларга тўланган тўловлар ҳақида маълумотларни тақдим этиб келмоқда. Патентни бекор қилишнинг янги асослари 2027 йилдан олинган даромадларга нисбатан қўлланилади.
Турли минтақаларда қанча даромад топиш керак?
Федерал қонунга кўра, аҳоли жон бошига тўғри келадиган яшаш минимуми минтақа томонидан белгиланадиган коэффициентга кўпайтирилади. Бир киши учун олинган сумма Росстат ИИВга маълумот тақдим этган сўнгги календарь йил учун минтақадаги ўртача ҳисобланган иш ҳақи миқдори билан чегараланади. Агар ходим вояга етмаган болаларни ёлғиз ўзи таъминласа, патентни текширишда уларнинг ҳар бири учун яна битта шундай минимум қўшилади.
Вологда вилояти 1 коэффициентини белгилаган, шу боис чегара яшаш минимумига – киши бошига 20,4 минг рублга тенг. Бир нафар фарзанди бор ходимга ойига 40,9 минг рубль, икки нафар фарзанди бор ходимга эса 61,3 минг рубль даромад зарур бўлади. Самара вилояти думаси 1,5 коэффициентини маъқуллаган. 19 минг рубллик яшаш минимуми шароитида бу бир нафар ходим учун 28,5 минг рублни, бир фарзандли ходим учун 57 минг рублни ва икки фарзандли ходим учун 85,6 минг рублни ташкил этади.
Карелия 22,4 минг рубллик яшаш минимуми билан 3,9 коэффициентини тасдиқлаган. Формула бўйича киши бошига 87,6 минг рубль чиқади, бироқ Карелиястат маълумотларига кўра, республикада 2025 йил учун ўртача ҳисобланган иш ҳақи 82,4 минг рублни ташкил этган. Агар ИИВ ушбу кўрсаткични қўлласа, чегара фарзандсиз ходим учун 82,4 минг рублни, бир фарзандли ходим учун 164,9 минг рублни ва икки фарзандли ходим учун 247,3 минг рублни ташкил қилади. Бу Вологда вилоятидагидан тахминан тўрт баробар кўпдир.
Новгород вилоятида расмийлар 1,1 коэффициентини таклиф қилган. Лойиҳанинг тушунтириш хатида киши бошига 21,8 минг рубль ёки икки нафар фарзанди бор ходим учун 65,4 минг рубль миқдоридаги чегара кўрсатилган. Мурманск вилоятида эса 1 коэффициенти таклиф этилган. Тасдиқланган яшаш минимуми билан бу киши бошига 27,5 минг рублни ёки икки нафар фарзанди бор ходим учун 82,4 минг рублни ташкил этади.
Тамбов вилояти губернатори Евгений Первишов 4 коэффициентини таклиф қилган. 16,8 минг рубллик яшаш минимумида формула ўртача иш ҳақи бўйича чеклов қўлланилгунга қадар киши бошига 67,1 минг рублни кўрсатади. Лойиҳа муаллифлари юқори чегара вилоятга келаётган хорижликларнинг ишламайдиган оила аъзолари сонини камайтиришига умид қилмоқда.
Айрим ҳолларда ота-онанинг ҳар иккаласининг даромади ҳисобга олинади
Агар бола эр-хотиннинг ҳар иккаласининг қарамоғида бўлса ва ИИВда уларнинг ҳар бирининг иш ҳақи тўғрисида маълумот мавжуд бўлса, идора уларнинг умумий даромадини ҳисобга олади. Қонун патентни биринчи марта расмийлаштираётганлар ҳамда фақат жисмоний шахслар қўлида шахсий ёки уй-рўзғор эҳтиёжлари учун ишлайдиган хорижликлар учун истисноларни назарда тутади.
Жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи бўйича аванс тўлови муддати ўтказиб юборилганда патентнинг амал қилиш муддати тўхтатилади. Июль ойида қабул қилинган тузатишларга мувофиқ, кам иш ҳақи патентни бекор қилиш учун мустақил асосга айланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ички ишлар вазири Владимир Колокольцев мамлакатга қариндошлари билан келган хорижий ходимлар улар учун солиқ тўлаши шарт бўлишини маълум қилганди.
Live
Барчаси