Энди “Реал”нинг ҳам “Месси”си бор

Спорт

“Фенербахче”нинг 18 ёшли футболчиси Арда Гулер Испаниянинг “Реал Мадрид” клуби футболчисига айланди.

Арда трансфери учун курашда “Реал” азалий рақиби “Барселона”дан устун келди. Каталония клуби ҳам “туркиялик Месси”га жиддий қизиқиш билдираётганди, бироқ Гулер якунда Мадрид томон йўл олишни истади.

“Реал Мадрид” футболчи учун “Фенербахче”га 20 миллион евро тўлади. Шунингдек, “Фенербахче” Гулернинг кейинги трансферидан 20 фоиз даромадни ўзиники қилиб олади.

Арда Гулер ўтган мавсум 35 учрашувда майдонга тушиб, 6 та гол урди ва 7 та голли узатмани амалга оширди. “Transfermarkt”га кўра, футболчининг қиймати 15 миллион еврони ташкил этади.

Маълумот учун, Гулер катта футболга илк қадамини Анқаранинг “Генчлербирлиги” клуби орқали ташлаган. У 2019 йилда “Фенербахче” клубига кўчиб ўтган.

Асли туркиялик бўлган, Германиянинг Гелзенкирхен шаҳрида туғилган афсонавий футболчи Месут Ўзил ҳам Гулер ҳақида ижобий фикрларни билдириб ўтди. 

“Мендан яхшироқ ҳужумкор ярим ҳимоячи борми? Бир исм хаёлимга келди, мен ишонган бир укам бор. Уни Худо асрасин: унинг исми Арда Гулер”, дейди Ўзил.

Гулернинг ўйин услуби ҳақида қисқача: Гулер чап оёқда самарали тўп сура олади, у ўнг қанотда ҳам фаол ҳаракатланади. Ана шундай хусусиятлари учун Туркияда ОАВ уни “Турк Месси”си деб атайди. Тўпни яхши қабул қила олади, майдонни кўра олиш қобилияти ҳам мақтанарли. Энг асосийси эса яхши дриблинг ва тезликка эга. Жарима зарбаларини ҳам яхши амалга ошира олади. “Реал”да эса индивидуал маҳорат эгалари яхши қабул қилинади. 

Гулер қандай ютуқларга эришган?

Юқорида айтганимиздек, Гулер ҳозир 18 ёшда. Шунинг учун у ҳали оғиз тўлдириб айтадиган даражадаги ютуқларга эга эмас. У “Фенербахче” сафида гол урган энг ёш футболчи ҳисобланади. Евро-2024 саралашида Туркия терма жамоасида дебют қилди ва Уэлс дарвозасига шедевр гол урди. Шунингдек, Арда “Фенербахче” билан Туркия кубогини қўлга киритган. 

Футболчи энди дунёнинг энг нуфузли клубларидан бирида тўп тепади. Гулер фаолиятидаги энг асосий совринларни айнан “қироллик клуби”да қўлга киритса, ажаб эмас.


Мақола муаллифи

Теглар

Месси Реал Мадрид Арда Гулер

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг