Энди Путин Арманистонга борса, ҳибсга олинади
Олам
−
01 Февраль
13401Бугун, 1 февраль куни Арманистон Халқаро жиноий судга (ICC) расман қўшилди. Бу ҳақда “Armtimes” хабар берди.
Шу тариқа Арманистон Халқаро жиноий суднинг 124-аъзоси, Шарқий Европа давлатлари орасида эса 19-аъзо бўлди.
Ўтган йилнинг 14 ноябрида Арманистон Рим статутининг ратификация ҳужжатини расман топширган ва унинг 2024 йил 1 февралдан кучга киришини кутаётган эди.
Арманистон Ташқи ишлар вазири Арарат Мирзоян судга йўллаган мактубида Арманистон Республикаси суд билан тўлиқ ва кечиктирмасдан ҳамкорлик қилишга ваъда беришини айтган.
Маълумот учун, Рим статутига биноан, Халқаро жиноий суд томонидан Россия Президенти Владимир Путинга нисбатан ҳибсга олиш ордерига кўра, энди у Арманистонга келса, ҳибсга олиниши керак.
Ушбу ҳолатга муносабат билдирган Россия Президенти матбуот котиби Дмитрий Песков бу Арманистоннинг суверен ҳуқуқи эканини билдирди.
“Арманистоннинг Халқаро жиноий судга қўшилиши унинг суверен иши бўлиб, Россия учун бу Москва ва Ереван муносабатларига салбий таъсир кўрсатмаслиги муҳим”, деган у журналистларга берган баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Ташқи ишлар вазирлиги Арманистонни ғарбликларнинг ёлғонларига ишонмасликка чақирган эди.
LiveБарчаси