Энди “права”сиз машина бошқарганлар камера орқали аниқланади
Жамият
−
05 Март 4003 2 дақиқа
Энди Ўзбекистонда ҳужжатларсиз машина бошқарганлар камера орқали аниқланади. Бу ҳақда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати матбуот котиби Зойир Йўлдошев ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Унга кўра, жорий йилнинг 23 февралидан 3 март кунигача автомобиль йўлларида шахснинг юзини аниқлаш функциясига эга камералар ҳамда фото ва видео қайд этиш қурилмалари ўрнатилиб, тест режимида ишлаган. Ушбу қурилмалар орқали бир қанча ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган фуқароларнинг машина бошқаргани ва бошқарув вақтида телефондан фойдалангани аниқланган.
“Эндиликда ушбу қурилмалар қоидабузарликларга нисбатан онлайн равишда чора кўришни бошлайди. Билиб қўйган яхши – бошқарув ҳуқуқидан маҳрум этилган шахсларнинг транспорт воситасини бошқариши Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 135-моддаси (Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши) 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши мумкин”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилган шахс маъмурий жазо қўлланилгандан кейин ҳам автомашина бошқарса, унга нисбатан Жиноят кодексининг 261-2-моддаси (Транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқариши) билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорида жарима ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд 2 йилдан 3 йилгача озодликдан маҳрум этиш билан жазоланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари орқали аниқланадиган маъмурий ҳуқуқбузарликларнинг қатъий рўйхати белгиланганди.
Live
Барчаси