Энди навбат судьяларга келибди – Кушербоев Жарқўрғондаги ҳолат бўйича БПга талаб билан чиқди
Жамият
−
13 Июль 2020
20675Жорий йилнинг 10 июль куни Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида ҳоким, прокурор ва ИИБ бошлиғи блок-постда туманнинг Жиноят ишлари ва Маъмурий ишлар бўйича суди судьяларини ўтказмай, уларни омма олдида обрўсизлантирилиб, етмаганига суд ходими калтакланди.
Ушбу ҳолат бўйича ҳозиргача Бош прокуратура ва ИИВ муносабат билдирди. Биринчиси вазият назоратга олинганини айтган бўлса, вазирлик суд ходими, яъни ҳайдовчининг ўзини айбдорга чиқариб қўя қолди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербоев ҳолатга муносабат билдириб, истеҳзоли тарзда навбат судьяларга келганини айтиб ўтди.
“Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида суд ходими дўппосланган, судъялар эса одамлар олдида атайин обрўсизлантирилибди.
Ёмон томони бу ишни туман ҳокими раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ИИБ бошлиғи, ўринбосари ва бошқа ҳуқуқни мухофаза қилувчи масъуллар қилишган. Яъни судъяларнинг хизмат машинаси туман марказига кираверишда тўхтатилиб, ўтказилмаган, қонунга кўра ҳуқуқини талаб қилган ҳайдовчи дўппосланиб, енгил тан жароҳати етказилган ва ҳибсхонага қамаб қўйилган. Машина ичидаги судъяларни эса бир гуруҳ формалилар одамларни олдида намойишкорона “калака” қилишиб, видеога олишган”, дейди депутат.
У сўзида давом этиб, айрим ҳоким ва ички ишлар масъуллари карантиндан фойдаланиб, истаган ишини қилаётганини ва алами бор барча билан ҳисоб-китоб қилаётганини таъкидлаган.
“Мана сизга аҳвол. Карантин баҳона бўлиб айрим “формалилар” ва “ҳокимлар” амалдаги қонунларга тупуриб қўйиб кимдан алами бўлса, маза қилиб “ҳуморидан чиқаяпти”, карантинни қонунсизлик ва зўравонлик даври сифатида бутун дунёга намоён қиляпти”, дейди Кушербоев аҳволга баҳо бериб.
Депутат шундай лаёқатсиз раҳбарлар сабаб карантинда кўрсаткичлар садбий бўлаётганини ва ишончсизлиги ортган одамлар ўчакишиб, тартибларга бўйсунмаётганини қўшимча қилиб, шундай дейди:
“Фикри ожизимча мана шундай зўравон, ўқувсиз, маданиятдан йироқ бўлса, ҳам адашиб лавозимга келиб қолганларнинг дастида карантин жараёни салбий кўрсаткичлар билан ўтяпти, одамларда нафрат, ғазаб ва ишончсизлик ортиб, тартибга атайин бўйсунмаслик кайфияти кучаймоқда”.
Расул Кушербоев Олий судга аталган аччиқ гапларини айтиб ўтган. Депутат эътиборни Суд ҳокимияти “катталар”ида судьяларни ҳимоя қилиш учун журъат етишмаслигига қаратган.
“Камига Олий судда ҳам бу каби вазиятларда қатъий позициянинг йўқлиги, ўз иши қолиб, ижронинг иши бўлган “снос” кабиларга аралашиб, асосий вазифасини англамаслиги, тизимда адолат учун журъатнинг ҳалиям пастлиги жойларда истаган одам судъяларни оёқости қилишига сабаб бўлаяпти. Айрим судъяларнинг ҳокимлар томонидан қишлоқ хўжалиги ишларига жалб қилиш даражасига етиб боргани ҳам мустақил бўлиши керак бўлган суд тизимининг атайин ҳимоясиз аҳволга ташлаб қўйилганига ишора қилмоқда”, дейди халқ вакили.
У онгиз раҳбарларнинг қонун устувор бўлган фуқаролик жамиятини қуриш йўлидаги тушов эканини афсус билан айтиб ўтган ва Бош прокуратура ҳолатга баҳо ва айбдорларга жазо беришини талаб қилган.
“Бир нарса аниқ: токи онгсиз роботдек эмас онгли фикрловчи, китоб ўқиган, журъатли кадрлар жойларда муносиб лавозимда бўлмас экан, қонунлар устувор бўлган фуқаролик жамиятини қуришни тушимизда кўраверамиз.
Жарқўрғондаги зўравон масъулларининг ҳаракатига эса Бош прокуратура қатъий ҳуқуқий бахо бериши ва жазога тортиши шарт”, деган Кушербоев.
Ушбу ҳолат бўйича муносабат билдирган "Адолат" Социал-демократик партияси тажовузкорлик ҳокимларнинг ёзилмаган ваколатига айланганига урғу берганди.
LiveБарчаси